пятница, 17 апреля 2026 г.

ХИЗМАТКОР ЭМАС, ЁҚИМЛИ БУВИ БЎЛАМАН

 



Кеча ишдан бўшадим. На олдиндан хабар бердим, на-да “яна бироз сабр қилайин” дедим. Шунчаки, бир бўлак тортни столга қўйдим, сумкамни олиб қизимнинг уйидан чиқдим. Иш берувчи қизим Зайнаб эди. Маошим нима эди, биласизми? Олти йилдан бери “меҳр” деб ўйлардим. Лекин кеча англадимки, бизнинг оила иқтисодида менинг меҳримнинг қиймати йўқ экан. Янги олинган планшет олдида ҳечам йўқ экан.

Исмим Амина. Олтмиш тўрт ёшдаман. Давлат ҳисобига кўра мен фахрий ҳамшираман. Пенсия пули сифатида ҳисобимга тушадиган маълум миқдордаги пулга Истамбулнинг чеккароқ даҳаларидан бирида яшаб келяпман. Ҳаёт ҳисобига кўра эса мен 7/24 хизматга шай ҳайдовчи, ошпаз, фаррош, ҳакам ва раҳбар ўқитувчиман. Мард ва Карам исмли тўққиз ҳамда етти ёшли набираларим бор. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган гап бор-ку, бизда ўша етти маҳалла бомдод азони билан туриб, хуфтондан кейин бел чурраси билан ётадиган биргина буви бўлади.

Қизим Зайнаб реклама иши билан шуғулланади. Куёвим Аҳмад молия тизимида хизмат қилади. Яхши одамлар. Ўзимга ўзим шундай деб қўяман. Болалар боғчаси жуда қиммат. Энага десанг ундан бадтар. Уй ипотека кредити умр бўйи тўланади. Мард туғилганида менга шундай термулишдики, нигоҳлари ҳалиям кўз ўнгимда.

    Ойи,- деди Зайнаб,- ҳеч кимга ишонч йўқ. Сиз ёрдам бермасангиз, аҳволим хароб бўлади.

Уларнинг елкасидан юк олиш учун умуртқа бўлдим. Ҳар куни соат 05: 45да соатим жиринглаб уйғотади. Автобус, йўналишли таксида қизимнинг уйига бораман. Карам тайёр нонушталарни емайди, албатта уйда қўлбола тайёрланган бўлиши керак. Ётоқларини йиғаман, идиш ювадиган машинага ювилмаган идишларни тераман. Болаларни кийинтираман, мактабга ташлайман. Кейин уйга қайтиб қизимнинг уйидаги кирларни кир машинага ташлаб, ҳаммом-ҳожатхонани тозалайман.

Тушдан кейин болаларни мактабдан оламан. Футбол, пианино, этюд тўгараклари. Болалар уйга вазифасини бажарганида бошида тураман. Мен болаларга “йўқ” дея оладиган бувиман. Набираларига сабзавот, мева едирадиган, телефон, телевизор экранини меъёрида ишлатишларини уқтирадиган бувиман. Менинг қатъий қуролларим ва доимийлигим бор.

Қудам, Аҳмаднинг онаси Севил Истанбулнинг люкс даҳаларидан бири Нишонтошида яшайди. Юзлари парваришланган, таранг, сочлари ҳар доим фенда тортилган. Ҳаётда дам олиш учун яшайди. Йилда икки бор набираларини кўради. Марднинг аллергияси борлигини билмайди. Карамнинг дарди хуруж қилганида нима қилиш кераклигини билмайди. Ҳеч қачон иссиғини ўлчаб кўрмаган. Қусганини артмаган. Лекин у ҳамма нарсага “хўп” дейдиган буви.

Кеча Марднинг тўққиз ёшга тўлган туғилган куни эди. Мен уч ойдан бери унга бир нималар ҳозирлаётгандим. Пулим йўқ, лекин ниятим бор. Кечалари кўп уйғонади, уйқуси енгил деб ўз қўлларим билан оғир юнгли одеял ўрдим. Рангларини бир-бир танладим. Ҳар илмоғига дуо қўйдим. Яна ўз қўлларим билан ҳақиқий сариёғда, қўлбола шоколадли торт қилдим. Туғилган кун дастурхони соат кечки тўртда эди. Мен тонги еттидан бери қизимникида эдим. Соат тўртдан ўн беш дақиқа ўтиб эшик қўнғироғи чалинди. Севил келди. Ўзидан аввал ифорининг ҳиди келди.

    Менинг арслонларим қаерда?- дея бақирганди, болалар мени нари итариб унга югуришди. Қучоғи йўқ эди, совғалар солинган халтаси бор эди. Халта фалон брендга тегишли.

    Нимани яхши кўришларини билмайман,- деди.- Дўкондаги сотувчи йигит нима берса ўшани олдим.

Ҳадяхалтадан иккита сўнги русумдаги планшет чиқди.

    Чекловсиз интернет, бемалол, - деди киприкларини ўйнатиб.- Бугун қоидалар, чекловлар йўқ. Бувижон куни.

Болалар қувончдан қийқирди. Зайнаб жилмайди. Аҳмад қадаҳга шарбат қуйиб:

    Ойижон, болаларни эркалатиб юборяпсиз,- деди.- Жуда нозиктаъбсиз.

    Буви дегани шунақа бўлади,- деди Севил.- Эркалайди, эркалатади, кетади.

Мен ошхонада одеалим билан қолдим. Мардга яқинлашдим.

    Ўғлим,- дедим.- Менинг ҳам сенга ҳадям бор. Тортни мен қилдим.

Бошини кўтармади.

    Бувижон, шошмай туринг. Ўйин ўнаяпман.

    Мен қиши билан буни сен учун тўқидим.

Уф тортди.

    Бувижон одеални нима қиламан? Қаранг, Севил бувим планшет олдилар. Сиз зерикарли бувисиз. Фақат овқат, кийим…

Ана шунда ичимда бир нима “чирт” этиб узилди. Зайнабга қарадим, бир нима дермикан, деган илинжда. Кулди.

    Ойи, хафа бўлманг. Бола-да энди. Севил ойим ёқимли буви, сиз кунлик бувисиз.

КУНДАЛИК. Кундалик идиш-товоқлардек. Кундалик йўл ҳаракати тирбандлигидек. Бу орада Карам ҳам қўшиб қўйди:

    Кошки Севил бувим ҳам бу ерда яшаса. Улар уйга вазифа қилдирмасдилар.

Одеални буклаб диванга қўйдим. Фартугимни чиқардим.

    Зайнаб,- дедим хотиржам кўринишга уриниб. Сўзимни бўлди:

    Ойи, тортни кесасизми?

    Йўқ.

    Нима деганингиз бу?

    Энди фақат ЙЎҚ.

    Ойи нима деяпсиз?

    Мен уйингда хизматкор эмасман. Менинг онангманг. Кўзга кўринмайдиган хизматкор бўлишдан чарчадим.

Севил кулди:

    Вой, Амина, сўз ўйини қилма. Климакснинг асабийлигими бўлмасам?

Унга қараб:

    Севил, модомики ёқимли бувисан, унда икки соатдан кейин келадиган қанд хуружини ҳам ўзинг амаллайсан. Юқорида кирлар ҳам ювилгандир, осиб қўйишинг керак.- дедим.

    Менинг белим оғрийди,- деди.

    Менинг қалбим оғрияпти,- дедим.- Бел бир пасда ўтиб кетади, хафа бўлма.

Эшикка қараб юрдим.

    Ойи!- дея бақирди Зайнаб.- Эртага ишим бор! Болаларга ким қарайди?

    Билмайман,- дедим.- Балки планшетни сотарсизлар. Мен етти маҳалла тарбиячидан бириманку. Балки бошқа маҳаллалик тарбиячи қолар?!

    Она, бундай қилолмайсиз!

Тўхтаб, ўгирилдим:

    Ҳамма гап шунда. Мен сизларга керакман, лекин мени кўрмаяпсизлар.

Мард бошини кўтарди.

    Буви, эртага келасизми?

Биринчи бор ҳаммасини тузатишга хоҳишим йўқ эди.

    Йўқ ўғлим. Эртага бемалолсизлар. Яхши қолинглар.

   


 Чиқдим. Нафас олдим. Телефоним тинмайди. Жавоб бермайман. Бугун тонгда тўққизда уйғондим. Қаҳва ичдим. Айвондан қушларни томоша қилдим. Бир неча йилдан бери биринчи марта қалбим, орқам оғримайди. Бир нарсани жуда кеч тушуниб етдим. Биз бувилар оила ва беминнат, штатсиз хизматчиликни аралаштириб юбордик. Набираларимни яхши кўраман. Лекин энди хизматчи, энага эмасман. Агар буви хоҳлашса, ҳурмат кўрсатишади. Ҳозирча дам оляпман. Балки мен ҳам бирор курсга ёзиламан. Йога бўладими, халқ ўйинлари бўладими. Ёқимли, ўйинқароқ бувилар шунақа қилар экан. Ўзимга қарайман. Сочимни, юзим, қош-кўзимни парвариш қиламан. Спорт билан шуғулланаман. Янги ҳоббилар ортираман. Энди ўзим учун яшайман.

 Ҳаётнинг юки оғир. Хизмат қилаётган, меҳнаткаш, югур-юугурдан толмайдиган, улгуриб қолишга уринаётган, қадрлаётган ҳар бир инсонга ҳурмат билан

Амина бувининг айтганларини Умида Адизова таржима қилди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

САРГУЗАШТ

  Ўрхон Камол Пароход тирбанд эди. Дим, бўғиқ, уйқу келтирадиган жазирама ўт пуркайди. Уёқ-буёққа қараб пастда бир кишилик жой топиб, секи...