Алачатида
уйимни сотдим. Ўғлим қўнғироқ қилганида овози титраётган эди:
— Дада… яхшимисиз?
Завқ билан жилмайдим:
— Яхшиман, ўғлим,-
дедим. - Бироздан кейин чой ичаман.
Исмим Ҳасан. Етмиш уч ёшдаман.
Уч
ой олдин мен учун тўғри, бошқалар “айб” санайдиган ишни қилдим. Алачатидаги тош
деворли уйимни сотдим. Саёҳатга, дам
олишга келганлар олдида суратга тушадиган, эшигига жасмин ўралиб турган,
кўпчилик “шу уйнинг эгаси қандай бахтли одам” дея ҳавас қиладиган уйимни…
Ўғлим
мендан кейин у ерни бутиκ -меҳмонхона қилишни режалаштирганди. Балки эрта
кетгандирман, лекин узоққа эмас, Измирга кетдим. Рафиқам Аминадан айрилганимга
икки йил бўлди. Хотинимдан кейин уй ҳайҳотдек уй ҳувиллаб қолди. Деворлар
катта, хоналар узун бўлиб, уйнинг ҳар ёғига жимжитлик ёйилди.
Эрталаб
турар, чой дамлардим. Рўпарамда ҳеч ким ўтирмасди. Телевизор ёниқ, аммо
гапираётган одам менга қарамайди. Кеч тушади, эшик тақилламайди. Телефон
жиринглайди, ҳаяжонланардим. Интернет
шартномаси ёки шунга ўхшаш масалалар билан
келишарди.
Биз
буни “осойишталик” деймиз-у, ундаймас экан. Қабристон сукунатининг ўзгинаси.
Бир куни ойнага қарадим.
— Ҳасан, - дедим
аксимга, - сен шу зайлда ўляпсан.
Уйни
сотдим. Қўшнилар гап қилди. Қариндошлар индамади. Болаларим “отам ақлдан озди”
дейишди.
— Шу ёшда нима
қилаяпсиз?
— Одамлар Алачатида уй
олиш учун борини беряпти, сиз эса сотяпсиз.
Измирда,
эски, кўп қаватли уйдан бир хонасини ижарага олдим. Уч хонали квартира. Уч ёш
йигит туради. Эълон қуйидагича эди: “Хона ижарага берилади. Ижара вақтида
тўлансин. Шовқин -сурон мақбул
кўрилсин.”
Эшик
қоққанимда болалар менга қараб қолишди. Ижро идорасидан келгандек туюлдим.
— Амаки… янглиш жойга
келдингиз шекилли?- деди бири.
— Газ пули кечикди,
биламиз, лекин тўлаймиз…
— Йўқ, - дедим.- Мен
Ҳасанман. Янги ҳамхонангиз.
Биринчи
ҳафтани ҳамма гангиб қолгандек ўтказди. Ювилмаган идишлар йиғилган. Оёқ
кийимлар эшик олдида эмас, бетартиб сочилган. Кечаси бири келади, эрталаб
бошқаси чиқади. Бир куни кечда ўтиргандик, болалардан бири сўради:
— Ҳасан амаки… Бизни уй
эгасига шикоят қилмайсиз-а?
Кулдим.
— Болам, - дедим, - мен
бу юртда саксончи йилларни кўрганман. Электр ўчганда шам ёруғида дарс
қилганман. Сизлардан қўрқмайман. Лекин чойни яхши дамлайман, ичиб тугатсангиз,
янгисини ўзингиз қўясиз.
Вақт
ўтиб бир-биримизга ўрганиб кетдик. Мен эрта тураман. Улар уйғона олмайди. Мен
овқат қиламан. Улар ташқаридан буюртма беради, лекин етмайди. Бир оқшом
болалардан бири уйга келди. Юзи оппоқ. Икки жойда ишлайди. Ўқийди. Ижара, йўл
кира, китоблар… Қозонни ўчоққа қўйгандим. Ловия пиширгандим. Палов дамлагандим.
Ёнига тузлама.
— Кел, - дедим. Жимгина
еб олди.
Сўнг бироз ўйланиб:
— Мен буни охирги марта
бувижонимникида еган эдим, - деди. Ўша куни улар мени “Ҳасан амаки” деб
чақиришни тўхтатишди. “Ака” дейишди. Мен уларни эрталаб имтиҳонга уйғотаман.
Бирор киши билан гаплашганда “сенинг гапинг ҳам тўғри” дейишни ўргатаман.
Коммунал тўловларни қандай текширишни
тушунтираман. Улар эса менга телефондан фойдаланишни ўргатишади. Карта орқали
тўловлар қилишни. Иловаларни қўллашни. Мусиқа тинглашни.
— Ака, бу қўшиқ сизга
ярашади,- дейишади.
Бир оқшом:
— Кийининг, чиқамиз,-
дейишди. Алачати эмас. Ҳашаматли ҳам эмас. Оддий бир жой. Арзон. Самимий.
Столга ўтирдик. Бир ҳамхонам қўлига соз олди.
— Ака, бир халқона
куйлаб беринг,- деди. Анчадан бери овоз
чиқармаган эканман. Лекин куйладим. Даврадагилар жим бўлиб қолди. Ёшлар…
қариялар… Ҳамма.
Шунда
англадим: Инсон қариганда ёлғизланиб қолмайди. Ёлғиз ташлаб қўйилади. Мен энди катта уйда ёлғиз эмасман. Кичик уйда
ҳаёт билан ҳамнафасман.
Ўғлим ҳалиям сўрайди:
— Дада, қайтиб
келмайсизми?
— Йўқ, - дейман. - Мен
ўтмишда яшашни тўхтатдим. Бу уйда овоз
бор. Тартибсизлик бор, келажак бор. Агар бу сатрларни катта уйда, ёлғизлик
сукунати ичида ўқиётган бўлсанг, билгинки,
муаммо уйда эмас. Муаммо — сукунатда. Баъзан инсонга бир хона, бир қозон ва кимдир билан бир дастурхонда
кулишнинг ўзи кифоя. Ёшдан қатъи назар...
Умида Адизова таржимаси

Комментариев нет:
Отправить комментарий
Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.