Сабоҳатдин
Али
Осиёнинг
дарди аср вақти бошлади. Ғунажинни қўйиб дарҳол уйга қайтди. Иброҳим шом
қоронғусида хирмондан келиб ҳўкизларни оғилга қўяр экан, уйи атрофида бир неча
бола йиғилганини кўрди. Оғилнинг эшигини ҳам ёпишга сабри чидамай уйга қараб
югурди. Лекин аёллар ичкарига қўйишмади. Ташқаридаёқ унга пешвоз чиққан Мақбула
янга:
— Сен
кирмай қўя қол… Бу эркакнинг иши эмас!- деди. Иброҳим орқасини ўгириб,
иккиланиб туриб қолганди, аёл сўзида давом этди: — Қутулиши осон бўлмайди,
чамаси… Кўприкўйлик дояга ҳам хабар йўлладик…
Иброҳим
аёлга ўгирилди. Кампирнинг кўзларига саволчан тикилди, ҳеч нарса сўрамасдан бир
нарсаларни сўрамоқчи бўлгандек эди. Аёл унинг нима демоқчилигини ўйлаб ҳам
ўтирмай, ўзига ўзи шивирлади:
—
Ўн беш ёшли, муштдай қизни олиб қочиб
уйландинг… Аллоҳнинг хоҳиши экан… Лекин бир йил бўлмай ҳомиладор бўлишнинг
мавридимиди? Бўпти, сенам бор, Кўприкўйдан дояни олиб кел… Менинг ўғлим бордию,
унинг гапи билан келадими-йўқми…
Иброҳим
шу тангликда Осиё учун нимадир қила олиш имкони чиққанига суюниб, қишлоқдан
чопқиллаб чиқди. Ҳали Кўприкўйнинг хирмонларига бормасданоқ қўлидаги таёғини
ерга уриб, ерни тешиб, тўзғитиб келаётган кекса доя ва ёнида чопқиллаб
келаётган болачаларни кўриб қолди. Гуноҳ устида қўлга тушгандек икки юзи
қип-қизариб, нигоҳлари ерга қадалганча уларнинг йўлини кутди. Доя ҳам уни
кўрганди. Йигирма-ўттиз одим узоқдан, тишсиз оғзини катта очиб, алланималарни
гапириб бақираётганди. Яқинлашганида таёғи билан Иброҳимнинг қорнига ниқтади:
— Аллоҳнинг
изни билан дарровгина оламан… Қўлим енгиллигини жумла жаҳон билади. Сениям
онанг жуда қийналиб туққанди, лекин, қара, катта бўлдинг, қўчқордай йигит
бўлдинг. Сўнг кичик болакайга ўгирилди:
— Югур,
намакоб сув тайёрлашсин, айт!- деди.
Иброҳим
бир сўз демай доя аёлдан бироз нарироқда юриб бораётганди. Ҳали ўн тўққиз ёшга
ҳам тўлмагани учун, аскарлигини тугатиб қайтган ва қишлоққа қайтган куниёқ оқшомда
жанжал чиқарган бошқа қишлоқ йигитларидек ўзини кўрсатиш унда йўқ эди. Ўтган
йили Осиёни қандай олиб қочганини ҳам ҳозир ўйласа ўзи ҳайрон қолади. Аслида
Осиё унга кўпроқ осилгандию, “хотиннинг гапига кириб бир номаъқулчилик
қилдим-да!” деб юбормаслик учун буни хаёлига келтиришни хоҳламайди. Отаси
Иброҳим болалигида қазо қилган, бир йил олдин онаси ҳам вафот этганди, ўзини буткул
ёлғизланиб қолгандек ҳис қилаётганди. Қирқ-эллик сотих даласида бирга
ишлайдиган, булғур паловини бирга еб, тонгда сигирни соғиб, қатиқ ивитадиган
бири керак эди. Худди шу пайтларда қўшниси қора Халилнинг етими Осиё ҳам
ўтган-қайтганида унга қараб куладиган бўлганди. Совчи қўядиган бўлса, сарф
–харажати катта бўларди. “Олиб қочиб қўя қоламан!” дедию, шунақа қилди. Бир
йилдан бери аҳволидан норози эмасди. Лекин айни хирмон вақти Осиёнинг ҳам
туғиши тутгани чатоқ бўлди.
Кўприкўйлик
доя хонага кириб кетганидан кейин Осиёнинг чинқириқлари аввалгидан ҳам зўрайди.
Деярли, хирмон ерларидан ҳам эшитилаётганди. Эшик тагидаги бир тош устига
ўтириб олиб, доянинг қалин таёғи билан ерга алланималарни чизаётган Иброҳим
Осиёнинг ҳар чинқириғида сапчиб кетар, лекин нима қилишни билмай яна ўтириб
оларди. Аламидан ерга эгилиб, бир тош олиб атрофида ўралашиб юрган боларларга
ирғитиб:
— Кетинглар
бу ердан, шумтакалар!- дея бақирди.
Вақтни
тўғри чамалаёлмаётгандию, лекин аллақачон хуфтон маҳалидан ўтганди. Анчадан
бери Осиёнинг овози ҳам эшитилмай қолди. Бир пайт кўприкўйлик доя таёғи
бўлмагани учун Мақбула янганинг елкасига суяниб чиқди. Иброҳим ўрнидан сакраб
туриб, уларга қараб бир қадам қўйди. Доя энди қўлини унинг елкасига суяб:
— Қутулолмади,
полвоним,- деди.- Ҳарчанд қилдик, қутулолмади. Гўдак катта, туғруқ йўли кичик.
Аравага чиқарайлик, шаҳарга олиб бор. Бошқа йўли йўқ…
Иброҳим
ҳеч нарсани ўйлаб ҳам ўтирмай, яна хотини ва фарзанди учун нимадир қила олиш
имкони чиққанидан мамнун қиёфада оғилдан ҳўкизларни олди, аравага қўшди. Аёллар
Осиёни тўшаги билан бирга олиб келиб, жойлаштиришди.
Иброҳим
ҳўкизларни юргизмадан аввал, одатдагидек юзи қизариб, олдига қараб доядан
сўради:
— Бола
нобуд бўлдимикан?
— Йўқ,
Аллоҳ асрасин. Аммо қайдам, Аллоҳга маълум қолгани. Дарди тўхтатди. Қолганини
дўхтирлар амаллар энди.
Йўлга
тушишди. Уч соатча юришди. Шаҳар кўринганида тонг оқара бошлаганди. Осиёнинг
овози чиқмас, бироқ ич-ичига ботиб кетган тим қора кўзлари осмондан нимадир
излагандек ғир айланарди.
Шаҳарнинг
қоқ марказидан оқиб ўтган катта сой устидаги кўприкдан ошиб, касалхона
дарвозасига борганида атроф яхшигина ёришган эдию, лекин кўчада ҳеч ким
кўринмасди. Иброҳим аравани бир четга қўйиб, эшикни қоқишга журъат қилолмагани
учун ўзи очиладиган фурсатни кутди. Аста-секин қишлоқлардан келган бошқа
беморлар ҳам кела бошлади. Бир от, бошқаси эшак устида, яна бирови аравага ётиб
олган, ёнида хотини, эри, онаси, ўғли, яна бирови ҳушидан кетган, кимдир
инграяпти, хуллас, кўча беморлар билан тўлди. Овоз чиқармай, ҳатто ўзаро ҳам гаплашишмай
кутиб тураверишди.
Эшик
очилганди ҳаммаси бирдан ичкарига кирмоқчи бўлди. Иброҳим ҳам уларнинг орасига
қўшилиб кетди. Ҳеч ким навбатга туриш ҳақида ўйлайдиган аҳволда эмасди. Ўн беш
йилдан бери шу касалхонанининг бош врачи бўлиб хизмат қилаётган татар қиёфали
жарроҳ муолажа хонаси эшишгини ўзи қия очиб, ташқаридагиларни кўздан кечирар,
гўёки шу лаҳзада тиббий ёрдамга бошқалардан кўра кўпроқ муҳтож бўлган кишини
излар, сўнг қўли билан имлаб уни ичкарига оларди. Иброҳимга навбат келганида
ташқарида ҳеч ким қолмаганди. Татар қиёфа жарроҳ ҳорғин алпозда курсига ўтирар
экан:
— Сенга
нима қилди, ўғлим?- дея сўради.
Бу
касалхонада ҳар турли хасталик бўйича бир ўзи мутахассис эди. Чунки кадрлар
бўлимида бошқа мустақил врач йўқ эди. Бир ҳовуч маош эвазига ҳукумат врачи
терапия бўлимига, ҳарбий касалхонадан икки мутахассис қулоқ ва кўз
касалликларига қарар, лекин ой бошидан бошқа кунларда кўнгли тусаган пайтларда
келишар, бош шифокор билан салом-алик қилиб кетишарди. Жиддийроқ дардга
йўлиққан касал чиқару, ётқизишга, сўнг ҳар куни муолажага келишга мажбур қолиш
хавфи билан поликлиник фаолият кўрсатишмасди.
Ҳар
куни эрталаб эшик олдига йиғиладиган ва баъзи кунлар сони юзга борадиган
беморлари фақат бош шифокор муолажа қилар, узоқ йиллар ва чорасизликдан тўплаган
тажрибаларигша таяниб ҳар касални даволашга уринар, ўрни келганда трахомадан
дояликкача ҳар ишни зиммасига олар эди. Бўйдоқ бўлгани учун касалхонада ётар,
тунларини палаталарда айланиш, тиббиётга доир журналларни ўқиш ва немисчани
ўрганиш билан ўтказарди. Бошқа шифокорларга ўхшамаслик, китобларда ўқиган одамларга
хизмат қиладиоан қўли енгил шифкор бўлишга қатъий киришганди.Бироқ барча
ҳамкасбларидан бу тариқа ажралиши у ҳақида ҳар хил ёлғон-яшиқ фитна гаплар
тарқалишига сабаб бўлганди. Бўйдоқ бўлгани учун ғийбат бўлиб кетмасин дея,
касалхонага эллик ёшдан кичик фаррош ва ҳамширани ишга олмасди. Лекин бу тутуми
сабабли шаҳарда номи бесоқолбозга чиқанди. Ҳеч қайси беморни эшикдан ноумид
қайтаришни хоҳламагани учун дўхтирлар орасида билмаган ишига бурнини суқадиган,
ўзини кўрсатишга ишқибоз, маҳмадона деган тамғалар билан машҳур эди.
Касалхонанинг кичкина хонасида ичкилик, тамаки каби ёмон одатлардан холи, жуда
оз харажат эвазига тирикчилигини кўрар, маошининг ярмини хорижий тиллардаги
китоб ва журналларга, бироз қисмини эса касалхона жамғармаси билан олиш имкони
бўлмаган айрим дори-дармонларга сарфларди. Шу сабаб хасислиги тилларга достонт
бўлиб, ҳатто ўғри деган гап-сўзлар ҳам чиққанди. Ҳамма у ҳақида “Мутлақо,
банкда саксон минг лира пули бор” деб ўйларди.
Шифокор
буларнинг барчасини эшитар, жуда яхши муносабатда бўлган ва асл ҳолатдан
хабардор бўлган кишилар томонидан ҳам тентак деб қаралишини билар, лекин
айтганимиздек, ғалати қайсарлик билан одатдагидек фаолиятида давом этарди. Буларнинг
барини идеал инсон бўлгани ёки одамларни астойдил яхши кўргани учун эмас,
бошқача яшаётганларга қарши, гўё касалдек қараб, улардан жиркангани учун
қиларди. Ўта раҳм-шафқат билан муносабатда бўлган беморларига ҳам “Сизларнинг
ҳам имкон қўлингизда бўлса, боягилардек беор бўласизлар… Мен буни яхши биламан,
лекин мен сизларга ўхшамаганим учун сенинг олдингда вазифамни ортиғи билан бажараман!”
демоқчи бўлгандек, одамларга ишончини йўқотган эди. “Сенга нима қилди, ўғлим?”
деб, қисиқ кўзларини Иброҳимга тикиб турди. Йигит:
— Менга
ҳеч нарса қилмаган, дўхтир… Лекин менинг аёлим… кўзи ёриши керак эди,
туғолмади… Олиб келгандим. Эшик олдида, аравада… Ёрдамингизга муҳтожмиз…- деди.
Шифокор
оёқ суягига қаттиқ темир билан урилгандек ўрнидан ирғиб турди. Хавотир билан
унга қараган Иброҳим, рўпарасидаги кишининг бурчаксимон юзининг ранги ўчиб,
сарғайган тусга кирганини кўрди. Овози қалтираб:
— Шунақа,
дўхтир ака… Икки доя уринди… Ўзимизнинг қишлоқлик бири, иккинчи Кўпиркўйнинг
дояси. Қутқаришолмади… Шундан кейин сизга олиб келдим… Бизни эшикдан қайтарма!-
деди.
Врач
ўзини қўлга олди, сарғимтир юзида заҳарханда билан:
— Афсуски,
сизларни эшикдан қуруқ қайтаман, ўғлим!- деди.
— Ўтинаман,
дўхтир ака… Қишлоққа етмасдан аравада ўлади.
— Эҳтимол
шундай бўлади. Лекин сизларни эшикдан қуруқ қайтаман.
— Қулингиз
бўлай дўхтир ака…
Врачнинг
юзидан учмаган заҳарханда Иброҳимни бутунлай шошириб қўйганди.
— Мен энди нима қиламан, дўхтир ака?
— Хотинингни
олиб, Станция майдонидаги хусусий туғруқхонага элтасан! Пулинг бўлса боланг
туғилади. Бўлмаса, туғуруқхона олдидаги ер майдонига аравангни қўясан. Хотининг
бақириб-бақириб у ерда ўзи туғади ёхуд қишлоққа қайтаётиб аравада туғади.
Туғолмаса ўлади. Тушундингми?
Иброҳим
қишлоқ одамлари орасида номи “Ота” деб тилга олинадиган ҳаким чиндан ҳам шу
одаммикан, деган ҳайрат билан рўпарасидаги кишига қаради. Буни пайқаган врач:
— Нега
ҳайрон бўласан?- деди.- Сенга бор гапни гапиряпман. Бу касалхонага аёллар
касаллиги билан оғриган беморларни олишим тақиқланди. Тушундингми? Мен шунчаки
жарроҳман, қўл, оёқ кесаман. Бошқа нарсани тушунмайман!
Бу
гапларни гапирар экан, таранг тортилган сариқ юзига асло ярашмаган ўша
табассум, тўғрироғи асабийлик лабларининг чеккасини пастга тортаётганди. Йиллар
давомида юзларча аёлнинг қорнини кесиб боласини олди. Бироқ энди унга оид вазифа бўлмаган ишларга аралашиб юргани
тилларда айланар, касалхонада аёллар касаллиги шифокори бўлмаса-да, ихтисослиги
бўлмаган воқеаларга аралашиб, халқнинг ҳаётини хавф остига қўяётгани иддао
қилинаётганди. Шаҳарда янги очилган туғуруқхонанинг эгаси шифокор Мутана
Жонқуртаран ватандошларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш учун бу гапларни волийга
айтган, ҳеч ким унга қулоқ осмаган экан, Соғлиқни сақлаш вазирига ҳам маълум
қилибди. Шунингдек, Анқарада нуфузли идорада раҳбарлик қилаётган қайнотасига
ҳам ёзганди. Бу қайнота эса аввал аллақаерда волий вазифасида ишлаётганида
ёнида соғлиқни сақлаш идораси мудири бўлиб ишлаган Соғлиқни сақлаш вазири билан
гаплашган, вазир ҳам халқни бундай хавфлардан асраш мақсадида бош шифокорни
огоҳлантиришни муносиб кўрганди.
Бу
гапларни хаёлидан ўткаётиб, бир зум қатъиятини йўқотиб қўйишдан юраги ғашланган
шифокор:
— Хуллас,
ўғлим,- деди.-Хотинингни дардига дармон бўладиган дўхтиримиз йўқ. Шунинг учун
ҳам беморингни туғуруқхонага олиб бор. Доктор Мутана Жонқуртарандан илтимос
қил, балки, арзонроқ нархда сизларга ёрдам берар. Зеро, тушуниб турганингдек
дўхтирнинг насаб исми — Жонқуртаран, яъни жонларни қутқариб қолади. Балки
сенинг хотининг билан фарзандингнинг ҳам ҳаётини қутқариб қолар?
Сўнг
орқасини ўгириб, деразадан осмонга қарай бошлади. Аммо Иброҳим гапга
тушунадиган ҳолда эмасди:
— Ўзингиз
борсиз-ку, дўхтир ака… Менга бошқаси керак эмас… Илтимос қиламан, худо
хайрингизни берсин!
Ўзини
аранг босиб олган шифокор ўгирилди:
— Мумкин
эмас, дебим-ку, болам!- дея жаҳл билан гапириб, эшикни уриб ташқарига чиқди ва
хонасига қамалиб олди.
Иброҳим
ярим очиқ эшикдан оҳиста коридорга сирғалиб чиқди. Бир маслаҳаат, тавсия
берадиган одам излагандек ўнгу сўлга қаради. Ҳовли тарафдаги деразаларнинг ойналарига визиллаб
бошини уриб олаётган пашшалардан бошқа жонзот кўринмади.
***
Шифокор
Мутана Жонқуртаран ўттиз беш ёшлар атрофида, сариқ сочлари жингалак,
кўзойнагининг гардишини олтин, кўринишидан кибор кишига ўхшарди. Овози қалин ва
ёқимли эди. Осиёни кўчада, аравада муолажа қилди ва Иброҳимга:
— Бемор шу ерда қолсин,
сен мен билан бирга кел!- дея ичкарига кирди. Стол орқасидаги курсисига яхшилаб
ўрнашиб ўтириб олиб, кўк кўзларини деразага қадаб ҳисоб-китоб қилди, сўнг:
— Тўрт
юз лира эвазига болангни оламан, оғайни!- деди.- Оғир ва масъулиятли жарроҳлик
амалиёти бўлади. Бу ни ҳар қандай дўхтир эплолмайди. Қара, ўйлаб кўр ва
жавобингни айт.
Иброҳим
ҳайрон бўлди. Хонадан чиқасолиб Осиёнинг олдига югурди. Ўкизларни юргизиш учун
“даҳ!” деди. Худди шу пайт дарди қайта қўзғалдими ёки ортга қайтиш унинг учун
ўлимга юришлигини англаб қўрқдими, Осий бор овози билан бақира бошлади. Йўлдан
ўтган-қайтганлар атрофиларига йиғила бошлашди. Иброҳим аравани туғуруқхона
ёнидаги ер майдонига бурди. Ҳеч нарса демай чап тарафдаги ҳўкизнинг
бўйинтуруқларини ечди, жиловига осилганча чорсуга олиб борди. Янги тимда юз
ўттиз лирага сотди. Югуриб, ҳансираб туғруқхонага қайтди. Осиёнинг олдига ҳам
келмай, дўхтирнинг хонасига чиқди. Пулнинг борини стол устига қўйиб:
— Бўла
қолинг, қулингиз бўлай, дўхтир ака… Осиёни кутишга мадори қолмади. Болага ҳам
бир нима бўлмасдан, маҳоратингизни кўрсатинг!- деди.
Жонқуртаран
пулни битта-битта санаб, қўли билан нари сурди:
— Сен боламисан, ҳой? Юз ўттиз лирага кесерва
қилинадими? Ол бу пулингни, бирор дояга борарсан!
— Доялардан
нажот йўқ, дўхтир ака… Бир ҳўкизимни сотдим, шунча беришди.
Шу
пайт ташқи ҳовлидан Осиёнинг чинқириқлари шифокорнинг очиқ деразасидан
эшитилди. Иброҳимнинг юзида қўрқув, Жонқуртараннинг лабларида ғалати истеҳзо
пайдо бўлди:
— Қолган
ҳўкиз билан аравани ҳам сот, балки тўрт юз лирани тўлиқ тугал қиларсан.
— Нима
хоҳласангиз бераман, дўхтир ака. Ҳаммаси сизники бўлсин… Илтимос, тезроқ ишга
киришинг, Осиё кўп азоб чекди…
— Шошма-чи…
Ҳўкизлар билан арава тўрт юзга етмаса-чи?.. Сен менга икки юз етмиш лиралик
қарздорлик чеки имзолай қол. Бўла қол, кутма.
Тезгина
қарздорлик ҳақида чек ёзиб, Иброҳимга бармоқ бостирди.
Беҳуш
ётган Осиёни жарроҳлик хонасига олиб кетишаётганда, Иброҳим, бир ҳўкиз
судраётган аравани устидаги кўрпа-тўшак билан яна тимга олиб борди. Лекин энди
ҳаммасига юз эллик лирадан ортиқ берадиган чиқмади. Ўнг тарафдаги ҳўкиз ўзи
қари ва озғин эди. Харидорлар шундоқ орқа сонига шапаталиб ҳам кўрмай:
— Қариб
қолибди, энди. Юз лира ҳам кўплик қилади!- дейишди.
Иброҳим шунга ҳам рози бўлди. Юз эллик лирани
кафтида маҳкам сиқиб олиб туғуруқхонага қайтди. Бир ҳамшира хотини эсон-омон
қутулгани хушхабарини етказди. Доктор йигитни коридорда учратди. Иброҳим дарҳол
қўлидаги пулларни узатди:
— Бундан
ортиқ бўлмади, дўхтир ака. Рози бўласиз!
— Нима
деганинг у? Бу ер текинга хизмат кўрсатадиган жой эмас. қара, пешона тери тўкиб
хизмат қилдик. Операция бир соатга яқин вақт давом этди. Хотининг ҳам азобдан
қутулди.
— Гўдак-чи?
— Бола
ўлибди. Зотан, бир-икки соат кечикилса онаси ҳам равона бўлади.
— Бола
ўлибди-да? Ўғил бола эканми?
— Ўғил
бола экан… Нима бўпти? Яна бўлади-да. Икковингиз ҳам ёшсизлар. Бора қол энди
сен, қишлоққа бориб тўрт юзни тўлиқ қилиб кел. Яна юз йигирма лира олиб
келасан!
— Қайдан
топайин, дўхттр ака? Иложи йўқ.
Мутана
Жонқуртараннинг қалин ва ёқимли овози бирдан ғазаб билан янгради:
— Бу
нима деганинг? Фирибгарликка чиққанмидинг? Гапни кўпайтирма. Беш кундан кейин
хотининга жавоб берамиз. Юз йигирма лирани олиб келасан, хотинингни оласан. Пул
келмаса чиқармайман. Ортиқча қолган ҳар бир куни учун алоҳида ўн беш лира
оламан!
Иброҳим
юз йигирма лира тополмади. Жонқуртаран эса ростдан ҳам аёлни касалхонадан
чиқармади. Бир ҳафтадан кейин яна туғруқхонага келган йигитга:
— Энди
қарзинг юз олтмиш беш лира бўлди. Эртага юз саксон, индинга юз тўқсон беш лира
бўлади. Пулни олиб келмагунча хотинингни олиб кетолмайсан. Қани, ҳайда
аравангни!- дея бақирди. Бир бор бўлса ҳам Осиёни кўришга рухсат бермади.
Осиёни
асраб олган аёл Мақбула янга билан маслаҳатлашишди. Бориб, куч ишлатиб қизни
олмоқчи бўлишди. Лекин касал боқувчилар билан бош ҳамшира буларни қувиб юборди.
Зинапоягача келган Осиёга ҳам икки тарсаки тушириб, каравотига ётқизишди. Бошқа
бунақа ишлар бўлмасин дея кийимларини олиб қулфлаб қўйишди.
Иброҳим
шундоқ ҳам кечга қолган хирмонни ташлаб яна Жонқуртаранга бош урди:
— Дўхтир
ака!- деди.- Бутун экинимни сотиб, қиш бўйи оч қолсам ҳам барибир элли клирани
ҳато тополмайман… Барака топкур, Осиёга жавоб бера қолинг, кета қолайлик.
— Кўп
гапиряпсан. Сиз қишлоқилар ўзи ҳаммангиз ёлғончи, товламачисизлар. Сизнинг бир
оғиз гапингизга ишониб бўлмайди. Икки юз йигирма беш лира олиб келмасдан хотинингни кўролмайсан!
— Дўхтир
ака, ўзи бола ҳам ўлик туғилди… Тўрт юз лира нима учун тўланиши керак?
— Қўлимда
имзолаган чекинг бор! Ортиқча ётган кунлари учун ўн беш лира. Бу ишнинг ёлғони,
алдови йўқ. Қани, аравангни сур бу ердан.
Иброҳим
яна Осиёни кўролмай қишлоққа қайтди.
Жарроҳлик
амалиёти ўтганига ҳам ўн беш кун бўлганди. Жонқуртаран бировни бекорга
боқадиган киши эмасди. Иброҳимнинг пул топиб, келтиришидан умидини уза бошлади.
Туғуруқхонанинг аёл фаррошларидан бирини ишдан ҳайдаб, ўрнига Осиёни ишлата
бошлади. Ҳали тўлиқ тузалиб, оёққа туриб кетолмаган қиз шўрлик устида бўздан
тикилган, почалари боғланган иштон ва енги калта кўйлак билан тонгдан шомгача
пол артар, чиқинди ташир, тупук тувакларини тозаларди.
Бир
неча кундан кейин асраб олган онаси билан Мақбула янга Осиёни қочириш учун яна
бир ҳийлага ташаббус қилишди. Туғуруқхона бориб гаплашаётгандек қилиб,
пешбоғлари остига яширган шалварларни Осиёга беришди. Жувон ҳожатхона оралиғида
кийинди, бошини ўради. Бирга чиқиб кетишаётганди, фаррошлардан бири сезиб
қолди. Шундоқ кўча эшиги олдида Осиёнинг қўлига ёпишди. Шундан кейин анча
мураккаб тортишув чиқди. Икки томоннинг ўртасида ва қўллари узилгудек куч
остида қолган шўрлик жувон бор овози билан бақираётганди. Шу пайт етиб келган
бир ҳамшира Осиёнинг бошидан пешбоғини тортиб олди. Шундан кейин кампирлар куч
ишлатишдан воз кечиб, баланд овозда дуоибад қилиб кетишди.
Эртаси
куни Иброҳим барвақт туғуруқхонага келди. Шифокорнинг қаршисига чиқди. Шу
пайтгача унда кузатилмаган қиёфа ва оҳангда:
— Дўхтир!-
деди.- Хирмоним ўлда-жўлда қолиб кетди. Уйим паришон бўлди. Сен хотимни жавоб
берасанми, бермайсанми?
Унинг
бу аҳволидан шубҳаланган, лекин сездирмасликка уринган Жонқуртаран олдидаги
айрим қоғозларни варақлаган бўлиб, бошини кўтармай:
— Икки
юз эллик лира олиб келасану хотининг олиб кетасан! Бундан кўп сўрамайман,-
деди.
— Хуллас,
Осиёни чиқармайсан, шунақами?
Жонқуртаран
аввалгидан ҳам мулоиймроқ оҳангда:
— Айтдимку,
биродар, пулни олиб келмасанг чиқармайман!
— Унақа
бўлса ола қол, сеники бўлсин. Қишлоқда хотин зотига қирон келмаган-ку! Сенга
буюрсин!
Эшикни
қарсилатиб чиқди. Икки одим нарида деворнинг тагига сингиб кетгандек ўтирган
Осиёни кўрмай зинапоялардан тушиб кетди.
***
Осиёнинг
ишлари ярим тунга яқин тугади. Ҳожатхоналарни, ошхонани артиб, тозалагандан
кейин коридорнинг бир чеккасида парда билан ажратиб қўйилган оралиққа кирди.
Ерга тўшалган чўзилиб, кир, чойшабсиз кўрпани устига тортди. Коридорнинг хира
чироғи парда орқасига ҳам ғира-шира ёруғлик бераётганди. Тим қора кўзлари худди
қорнида ўлик бола билан келганида аравада бўлганидек ғир-ғир айланар, оппоқ
шифтда нимадир қидираётгандек эди…
Бирдан
ирғиб турди. Боши устидаги деразани очиб пастга қаради. Бир ярим одам бўйи
келарди. Бўз иштон-кўйлагининг устига бирор нима кийишни ҳам ўйламай, оёқяланг
пстга, ҳовлига сакради ва шу топда лабларидан учиб чиқай деган фарёдни мушти
билан зўрға забт этди. Даҳшатли оғриқ, пичоқ қадалгандек қорнидан болдирларига
ва елкаларига тарқаган санчиқдан кўз олди қоронғулашиб кетди. Қўли билан қовуғи
устини ушлаб юра бошлади. Кўчага чиқиб, аста-секин қишлоғининг йўлига тушди.
Шаҳардан ташқарида йўл катта сойнинг чеккасидан ўтарди. Қоронғу мажнунтоллар
орасидан, соҳилдаги ўтларга қоқиниб-суртиниб, илондек овоз чиқариб оқаётган
сувнинг ғувиллаши, шаҳардан узоқлашгани сари куч бераётганди. айниқса, сойнинг
гирдоб нуқталарида бу ғувиллашлар одамзод оломонининг аралаш-қуралаш овозидек
кўтарилиб, пасаяр эди. Осиё юргани сари қорнида зўраяётган оғриқни бостириб,
бўғишга эришолмай икки букчайиб қолар, шу ҳолда юриб, сойдан келаётган овозга
жўр бўлиб:
— Ҳаа…
Қишлоқда хотин қуриб қолибдими, а?! – дея ғудранарди.
Қорнига
қўйиб олган бармоқлари орасида бўз иштонини ҳўл қилиб оқаётган илиқ, қора бир
суюқлик оёқларига қараб оқа бошлади. Буни пайқаб янада қадамини илдамлатди.
Югургандек эгилиб олиб илгарилар, борган сари кўтарилган ўнг тарафдани сойнинг
ғувиллашига қўшилиб мажнунтолларнинг устига, чап тарафдаги тепаликларнинг
қояларигача тарқалган овозда:
— Қишлоқда
хотин қуриб қолибдими!- дея ҳайқирарди. Ёрилган жароҳатидан оқаётган қонлар
оёқларини ҳўл қилгани учун товонига қумлар ёпишар, ерда қора нуқталар
кўринишида излар қолаётганди.
Қишлоқнинг
чеккасига қилганида эгилиб, букилиб боши тиззасига тушиб қолганди. Шу аҳволда
ҳам йиртқич ҳайвондек:
— Қишлоқда
хотин қуриб қолибдими?!- дея бақириши атрофда акс-садо бераётганди. Бу овозни
эшитганлар уйидан ирғиб чиқди. Ёнига боришганида Осиё ерга йиқилиб қолган,
типирчилаётгнади. Дарҳол кўтариб олиб уйига элтишди. Бироқ жувон тонга
етолмади.
Умида Адизова таржимаси