суббота, 18 апреля 2026 г.

САРГУЗАШТ

 


Ўрхон Камол

Пароход тирбанд эди. Дим, бўғиқ, уйқу келтирадиган жазирама ўт пуркайди. Уёқ-буёққа қараб пастда бир кишилик жой топиб, секин ўша томонга ўтдим. Ўзиям дераза олдида экан. Ўтириб олдим.

Рўпарамда ҳаддан ортиқ қовурилган қаҳва донасини эслатадиган юзи серажин, қоп-қора кампир ва бир қарашда диққатни тортадиган ҳеч қандай ўзига хослиги бўлмаган, озғин қиз ўтирарди. Бошида тўқ қизил дуррача, эгнида елкаси осилган, кир эркаклар камзули, пайпоқсиз оёқларида ипсиз, зиғир шиппак. Кампир эски кашандадек хумор билан тамаки чекар, қиз носоз чақмоқ билан ўйнаяпти. Ора-сирада чақмоқни очади, ёйи, тошларини чиқариб яна бошқадан жойларди. Бу ишни бир неча марта такрорлагач, юраги сиқилиб, чуқур уҳ тортди. Ана шу даҳазаларда кўзларимиз тўқнашди. Шу оний нигоҳлар тўқнашувида қаҳваранг чақноқ кўзлари фақуллодда чиройлилигинг гувоҳи бўлдим.  Узун, қоп-қора қайрилма киприклари, сузук, ўтдек ёниб турган кўзлар... 

Диққат билан қараётганим унинг ҳам диққатини жалб қилди чоғи, чақмоғини очиб-қайта тақаркан, у ҳам менга тикилди. Кулимсираб ҳам қўйди ҳатто. Пароход тирбандлигини, уйқу келтирадиган,  кишини ланж қилиб, қашинтирадиган жазирамани унутдим. Шу онда истардимки, рўпарамдаги қиз яна термулсин, узоқ тикилсин, кулсин ва яна бир нималарни сўрасин.  Чақмоғи қўлидан тушиб кетди. Лекин эгилиб олмади. Менга қараб турарди. Менинг олиб беришимни истарди. Мен бўлсам... атрофдагилардан хижолат чекаётгандим. Ён- веримга қарадим. Кампир мизғияпти, бошқалар ўзи билан ўзи оввора.

Эгилиб чақмоқтошни ердан олиб узатдим. Раҳмат айтиб, кулимсиради. Кейин кампирга қаради... “Ҳозир булар билан қандай ҳазиллашаман, қара” дегандай кўзини қисди. Кампир ўзи билан ўзи овора эди. Тирсаги билан туртди:

— Эна-а-а,- деди. – Мен бу чақмоқтошни сотаман.-   Кўзларини оҳиста очган кампир оғир бош чайқади. 

        Сотолмайманми?       

  Сотасан.

  Беш лирага сотаман ҳатто...

— Офарин!

   Пулига нима олишимни биласизми?.. Эна-а, эно-о-ов!

  Нима дейсан?

— Пулига нима олишимни биласизми?

— Нима оласан?

— Лаб бўёғи, упа, тирноқ бўёғи...

Кампир ғашланиб, юзини ўгирди.

        Нима бўлибди? – деди қиз. - Лаб бўёғи, упа, тирноқ бўёғи суриш гуноҳми? 

Кампир жавоб бермади. Лекин шайтон қиз момони тинч қўймади.

        Лабларим, тирноқларимни бир чиройли бўяйман. Баланд пошнали туфлилар кийсам. Воҳ-воҳей! Ҳамманинг кўзи менда бўлади.

Кампирнинг авзои бузилди. 

      Нима бўлди? деди қиз.

— Яхши нарсаларни ҳавас қилсанг-чи!

    Қаҳвахоналарга бораман. Қўлимда сумка, бошимда дуррача. Ҳамманинг кўзи менда бўлади. Гап отган ким, орқамдан тушган ким...

Кампир сал қолса уриб юбормоқчи эди.

— Бола-да, -дедим, - айбситманг.

— Болами? Нимаси бола буни?! Мен бунинг ёшида иккинчи боламни эмизардим.  Қиз ўйноқлаб ўтираверди.

—Одобсиз!- деди кампир. – Атрофдагилардан ҳам уялмайди, беҳаё!

Қиз қотиб кулар, кулгу зўридан букчайиб қолди.  Кампир бирдан ғазаб билан ўрнидан турди:

        Ўчир, овозингни қиз, ўчир! Ҳозир денгизга ташлаб юбораман!

Кўзлари ғазабдан ўт сочарди. Индамаса ҳақиқатдан ҳам денгизга улоқтирадиган важоҳатда эди.

  Бўлди қил,- дедим қизга. Гапимга кирди. Бироз жиддийлашди ҳатто. Қўлидаги чақмоқтошни денгизга улоқтирди. Кампир жойига ўтирди.

— Яна хафа қилди. Жонимдан тўйдирди булар-деди.  Менга қаради: — Момо бўлгандан кўра тош бўлсам эди-я! Жазирама қуёш остида кун бўйи бошим қайнайди. Шу набираларимга бир луқма топай деб. Етмиш ёшга кирдим. Бугун кўз юмсам, эгасиз қоладилар!

  Бундан бошқа набираларингиз ҳам борми?

— Икки ўғил бор. Энг каттаси бу.  Буни ҳам кўриб турибсан, тентак!

— Ҳа,- деди қиз, жинниман.

  На насиҳатни қулоғига олади, на танбеҳни! Кун бўйи эрта тонгдан кечки етти-саккизгача қуёшнинг тагида юради.

— Сиз нима иш қиласиз?

  Кабутар емиши сотаман, болам. Жазирама, қуёш, тер... Бошим қайнайди. Қўлимда нам дока. Бошимга қўяман. Бир қарасам, қуриб қолган бўлади.

Кўзларига ёш келди.

   Аллоҳим жонимни олмайди-ки, булар ҳам қутулсин, мен ҳам!

Деразадан денгизга ғамгин қараб ўтирган невара қиз момосига қаради. Қаҳваранг кўзларида қуёш акси тушгандек эди. Момосининг бўйнидан қучди. Бошини елкасига қўйди:

— Моможоним, жоним моможоним.

  Энди жоним моможоним бўлдимми? Мени хафа қиласан-ку...

— Хафа қилмайман, Худо ҳақи хафа қилмайман.

— Ҳа, хафа қилмайсан. Хафа қилмасмиш...

Кекса аёлнинг буришик юзи ёришди. Қуруқшаган қўллари билан набирасини қучиб, ўзига тортди.

        Болажоним ўзимнинг...

— Моможоним, сиз ҳеч қачон ўлманг!

 Кампирнинг киприклари пирпиради.

  Эҳ... Ҳеч ўлмайман.- Чуқур уҳ тортди. – Шу ширин тиллар бўлмаса, бу балчиқ дунёнинг ҳеч нарсаси йўқ...

—Отаси йўқми?- дея сўрадим.  

—Бор, -деди қиз.- Эдирнеда. Бир бузуқи билан қочиб кетган.

— Кўзи чиқсин!- деди кампир.- Бехайр! Булар менинг Пембегинамнинг ёдгорлари...

— Пембе қизингизмиди?

— Қизим...

Кампир намланган киприкларини артиб қўйди.

— Нима бўлди?

— Тўртинчи боласини туғаётганида вафот этди...

Пароход Фенер бекатига яқинлашиб қолди. Тушишим керак эди. Тушмадим. Булар Кағитхонада туришади, чоғи? Балатда қўзғалишди. Бирга тушдик. Ёнма-ён юрдик. Ўнг томондаги кўчага қайрилдик. Аччиқ пешоб ичи сасиб ётган, девор ёнидан кичкина чироқ аранг ёритаётган кенг майдонга чиқдик. Бир томонимизда қайиқлар, мавуналарнинг қотиб қолган жасадлари, иккинчи томонимизда эса, ким билсин, қайси бир Европа мамлакатига жўнатилиши кутилаётган темир-терсак, парча-парча бўлиб ётган улкан темир йиғинлари. Ҳаводан мазот ҳиди анқир, ғуборли кеча бағридан фабриканинг шақир-шуқури эшитиларди. Айвонсаройга чиқдик. Рўпарамизда ёруғликда сояси каттарган уйлар қадр ростлаб турибди. Эски шалдироқ автобус олдимиздан  ғижирлаб ўтиб, Дафтардара томонга тўғри ўтди.

Қарши томонга ўтдик. Қиз тинимсиз гапирарди.

Аҳмад ака бор экан, кўчама-кўча кезиб сабзавот сотиб юрар экан. У билан гоҳида Балат кинотеатрларида кинога тушишар экан. Бир куни Кағитхонага боришибди. Кағитхонада Аҳмад ака пахмоқ ширинлик, музқаймоқ, газли ширин сув олиб берибди. Қайиққа минишибди. Аҳмад ака уни дарахтзорлар ортига тортибди. Нам тупроққа ёнма-ён ўтирибдилар. Қарши тарафда оғир қадамлар билан бориб-келаётган аскарларни томоша қилибди. Бир қараса, Аҳмад ака ерга чўзилиб ётган экан. Этакларини тутиб, оҳиста ўрнидан туриб, қочиб қолибди. Бир куни кемада кетаётганида олдидан маст одамлар чиқибди. Бир куни сариқ йигитча йўлини тўсиб уни ўпмоқчи бўлибди. Қиз уни итариб юборган экан, йигитча чуқурга тушиб кетибди. Бошидаги қизил дуррачани Аҳмад ака олиб берган. Аҳмад ака унга яна нималар олиб берарди? Баланд пошнали туфли, кўйлак, нейлон пайпоқ, зангори дуррача... Кейин Бейўғли кинотеатрига кинога тушишади…

Қоронғуда нураб ётган деворларни орқамизда қолдириб юриб бораётирмиз. Бошимиз устида ойсиз осмон, сўник юлдузлар.

    Сен ҳам момонг билан бирга кабутар емиш сотасанми?- сўрадим қиздан.

    Баъзида.

     Истаса шундай сотади-ки...- деди момоси.

    Эркакми, аёлми, бойми камбағалми, бир осилсам қўлимдан қутулолмайди. Аллоҳ ёшлигинингни доим қилсин, севганинг жуфтинг бўлсин, десам, анойилар ўзидан кетиб қолади, ўнликларни, чоракликларни қандай ташлашганини билмай қолишади…

Қоронғулик қаъридан болалар овози эшитилди. Борган сари овозлар яқиндан эшитиларди. Бироздан кейин икки кичик кўланканинг чопқиллаб келаётганини кўрдим.

     Укаларим!- деди қиз.

Бошидан дуррачаси учгудай бўлиб югурди.

Қайтдим.

Қоронғуликда учаётган олов учқунлари, пастга туташиб кетган Ҳаличе кемаларининг кўланкаси... Явадуд кўчасига оҳиста тушиб келаётирман. Хаёлимда чақноқ кўзлар, Аҳмад ака, қалин яшил дарахтзор, нам тупроқ, чопқиллаётган қизнинг ҳавога учаётган этаклари ва тўқ қизил дуррачаси…

Умида Адизова таржимаси 

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

САРГУЗАШТ

  Ўрхон Камол Пароход тирбанд эди. Дим, бўғиқ, уйқу келтирадиган жазирама ўт пуркайди. Уёқ-буёққа қараб пастда бир кишилик жой топиб, секи...