четверг, 16 апреля 2026 г.

БОЛАЛАР БИЛАН ТЎҒРИ МУНОСАБАТДА БЎЛИШ УЧУН ТАВСИЯЛАР

    
         Баъзан фарзандларимиз билан тўғри муносабат қилишда қийналиб, улар билан шуғулланишда жиддий хатоларга йўл қўямиз. Шунақа пайтларда беихтиёр ўқитувчилар хаёлимизга келади. Бутун бошли синф, 40 ҳатто 45 нафар ўқувчи-болани идора қилиш билан биргаликда дарс ҳам ўтишлари керак. Аммо бу ишни қойиллатиб уддалайдилар ҳам. Хўш, қандай қилиб? Нега ўқитувчисига сўзсиз бўйинсунган болажонимиз, бизнинг китоб ўқиш ёки дарс тайёрлаш ҳақидаги амримизни кескин норозилик билан қарши олади. Тажрибали ўқитувчилар ота-оналарнинг фарзандлари билан тўғри муносабатда бўлишлари учун бир қанча тавсиялар берадилар. Қуйида  бу маслаҳатлар  билан танишишингиз мумкин.  
1.  Фарзандингиз сизга қулоқ солишини истасангиз овозингизни кўтарманг, аксинча, паст товушда гапиринг.  Паст товушда гапирсангиз фарзандингиз сизга  диққат билан қулоқ тутади. 
2.   Фарзандингизни ўзи истамаган фаолият турига мажбурлаётганингизда, норозилигини ифодалаши учун  бир дақиқа вақт беринг. Бир дақиқа тўлиқ ўтгач,  табассум билан унга бажариши керак бўлган вазифани яна бир бор тушунтирасиз. 
3.  Ҳуснихат қобилияти такрорлаш билан ривожлантирилмаса, йўқолиб кетади. Агар фарзандингиз ёзишни хушламаса, ҳар куни биттадан сўз ёздириш яхши самара беради. Балки, кичкинтойингизнинг ҳуснихат қобилиятини ривожлантириш учун у билан хат ёзишадиган дўст бўларсизлар?  Бу усул билан фарзандингизнинг ижодкорлик, фикрлаш қобилияти ва муомала маданиятини ҳам текширишингиз мумкин. 
4.  Синфимизда “Парта париси” бор. Унинг қачон келиши номаълум, аммо партасини тоза-озода сақлаган ўқувчиларга вақт-вақти билан сирли совғалар улашади. Шунинг учун ҳам синфда ўқувчиларимиз тоза-озодаликка риоя этадилар, парталарга ёзиб-чизмайдилар.  Бизнинг “Парта париси” сизнинг “Ётоқ пари”ингиз бўлиши мумкин. Қўллаб кўринг, ҳам болажонингизни тозалик, тартибга ўргатасиз, ҳам озодалик ишлари учун вақтингизни тежайсиз.   
5.  Ширинтойларимизнинг танлаш ҳуқуқини  ўзига қўйиб берсак, шикоят ва инжиқликлари камаяди. Шунинг учун улардан “Уми ёки буми?” деган саволга ўзлари жавоб беришларини таъминланг. Дейлик, “Нонуштада қайнатилган тухумми ёки қуймоқми? Сутми  ёки бўтқами?” Ёхуд “Математикани аввал тайёрлаймизми ёки инглиз тилиними?” деган саволларнинг жавобини дилбандимизнинг ўзи топсин. Бу билан фарзандингизнинг масъулиятни ҳис қилиш, фикрлаш ва бошқарувчилик қобилиятини ривожлантиришингиз мумкин.
    Ҳар биримиз фарзандимизнинг ҳар томонлама комил, соғлом, омадли ва истеъдодли бўлиб улғайишини истаймиз. Бу борада истакларимизни ҳаракатларимиз билан қўллаб-қувватласак, фарзандимизнинг ақли ва жисмоний ривожланишини фақат ўқитувчига ташлаб қўймай, ўзимиз ҳам меҳнат қилсак, албатта дилбандимиз биз етолмаган чўққиларни забт этади.

Умида Адизова тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

САРГУЗАШТ

  Ўрхон Камол Пароход тирбанд эди. Дим, бўғиқ, уйқу келтирадиган жазирама ўт пуркайди. Уёқ-буёққа қараб пастда бир кишилик жой топиб, секи...