четверг, 16 апреля 2026 г.

БАНДАНИ БАНДАСИГА МУҲТОЖ ЭТМАСИН, РОББИМ

 

Базм оқшомида қаҳвачи опанинг  мунгли кўзлари, хомуш чеҳраси диққатини тортди. Тинчликмикан? Аёлнинг ширин қўлидан ҳар куни чой, қаҳва, нонуштабоп тамаддиликлар, тушки таомларни ейишади. Хизматининг ҳурмати, нон-тузнинг ҳурмати айро. Бояқиш байрам зиёфатида ҳам жилмайиб туришга уринса-да, маъюс кўзларида ёш айланиб турганини сезиш қийин эмас. Оишагул ортиқ чидолмади. Жамоадошлари тақсга тушиш учун қўзғалишганди, секингина аёлга яқинлашиб:

    Мушарраф опа, тинчликми, негадир хомуш кўринасиз?- дея кўнглига қўл солиб кўрди. Аёл аввалига “ҳаммаси жойида, чарчабманми бироз”, каби навбатчи жумлалар билан Оишагулни бошидан нари қилмоқчи бўлди, лекин томоғига тугилган тугун йўл бермади. Дувиллаб кўзларидан ёш оққанди, ҳамкасабаси елкасидан қучиб пардозимизни янгилаймиз, баҳонасида аёллар хонасига олиб кетди.

      Опажон, нима бўлди, тинчликми?

Оишагул Мушарраф опанинг эри автоҳалокатдан кейин ногирон бўлиб аравача михланиб қолганини, эрининг бир ҳовучгина ногиронлик нафақаси ўзининг дори-дармонию, тиббий хизматдан ортмаслигини, Мушарраф опа офиснинг кичик буфетида ишчиларга чой-қаҳва, нонуштабоп егуликлар ва тушлик тайёрлаб тортиш билан бирга, кечқурун фаррошлик қилишини, маоши билан уч фарзандининг эҳтиёжини амал –тақал эплаб келаётганидан хабари бор эди. Баъзан байрамларда, рамазон ойи, ҳайитларда эҳтиёж қутиси тайёрлаб ишхонадан беришар, бошлиқ офис ходимларига мукофот пуллари ёзганида, Оишагул Мушарраф опани ҳам қурурқ қўймасликни сўраб, илтимос қиларди. Бугун аёллар байрами ва ифтор баҳонасида йиғилишганди, Мушарраф опанинг маҳзунлиги кўнглини ғаш қилди.

    Айбга буюрманг, Оишагул хоним…- Мушарраф опа хижолат чекиб, кўз ёшларини артди.

    Шунчаки, Оишагул, деяверинг. Биз ҳозир ишхонада эмасмиз, мени ҳам синглингиздай кўриб, кўнглингизни очишингиз мумкин, опа. Нима бўлди? Турмуш ўртоғингиз яхшимилар? Болаларингиз билан боғлиқ бирор муаммо борми?

    Йўқ, жонингиз омон бўлсин. Тўлиб қолган эканман, Оишагул. Биласиз, эрим узрли. Кучим етгунича болаларимни ўкситмасликка уриниб келяпман. Баъзан яқин қариндошим моддий ёрдам қилиб туради. Ўтган кунларда бироз пул ташлаб кетганди, баҳор келди, аёллар байрами яқинлашиб қолди, мен ҳам аёлман деб, арзонроқ атир олгандим…

Аёлнинг алами бўғзига қадалиб, киприклари нам бўлди. Кўз ёшларини зўр базўр ичига ютиб, овози титраб давом этди:

    Атир олганимни эшитган қариндошим пулни беҳуда совуришимни айтиб, маломат қилди. Эҳтиёжманд киши тежаб-тергаб пул ишлатиши кераклигини, исрофгар бўлмаслигини таъкидлаб, қаттиқ койиди. Мен исрофгарлик қилмадим, Оишагул синглим, мен шунчаки аёллигимни эсламоқчи бўлдим, болаларим, касалманд эрим олдида хушбўйлангим келди, холос…

Аёл ортиқ ичидан тошиб келаётган йиғини забт этолмай ҳўнграб юборди. Оишагул аёлни таскин берувчи сўзлар билан юпатган бўлиб, ресторан хизматчиларидан такси чақириб беришларини сўради.

    Опажон, базм ҳам охирлаб қолаёзди. Уйга кетайликми? Сизга ҳамроҳлик қиламан, таксида сизни ташлаб қўйиб, сўнг уйга кетаман, майлими?

Аёл юз-кўзларини артганча, бош ирғаб тасдиқ ишорасини берди. Оишагул бироз тинчланган Мушарраф опа билан жамоадошлари ўтирган даврага борди. Вақт алламаҳал бўлиб қолганини, Мушарраф опанинг болалари хавотир олишини, қўли ширин қаҳвачи опани ўзи уйига ташлаб қўйишини айтиб, ҳамма билан қуюқ хайрлашди. Мушарраф опа ҳам бошлиққа, офис ходимларига дилдан миннатдорчилигини билдириб, хайрлашиб одмигина сумкасини қўлига илиб олди.

Такси уларни ресторан эшиги олдида кутиб турган экан. Аёллар орқа ўриндиққа жойлашиб олганди, Оишагул ҳайдовчига “Миллат боғи” хиёбони кўчасига. Агора савдо маркази орқасига борамиз. Ундан кейин Камолпошшо маҳалласига ўтамиз” деди ва Мушарраф опанинг қўлига қўлини қўйди:

    Мушарраф опажон, биласизми, сиз бугун дуч келган ҳолатга ўхшаган вазиятни мен ўн йил олдин бошимдан ўтказгандим. Тўплаган балларим Коня университетининг иқтисод ва бошқарув факултетига етганди. Майли, ўқий қоламан, кейинги курсларда ўқишимни ўз шаҳримизга, ёки яқинроқдаги шаҳарларга кўчираман, деб Коняга кетдим. Ўша йили Коняда қиш қаттиқ келди. Ердан бир ярим ой қор кетмади. Уйдан олиб келган нарсаларим етмайди, совқотаман, этигимдан сув ўтади, пайпоқларим ҳўл  бўлиб ўқишга бораман. Тинимсиз оғриб қоламан. Эҳтиёжманд талабаларга ажратилган имтиёзли стипендияга ҳужжат топширгандим, тасдиқдан ўтиб қўлга тегишига уч-тўрт ой бор. Уйга келгандим бобом кредит карточкасини берди. Севиниб унга иккита қалин жемпер, бир қишлик ичи момиқли этик олдим. Тоғам уларни кўриб халталарни юзимга ирғитганди. “Бу картанинг кредитини биз тўлаймиз, одам орқа-олдига қарамай шунча нарса ҳам оладими? Сенга нон-пон олиб ейишинг учун берилди!” деди. Кечаси билан йиғлайвериб ҳолдан тойгандим. Ўша кундан кейин бировдан пул сўрамасликка, одамлардан ёрдам қабул қилмасликка онт ичдим. Кейинги кунлар яна оч қолдим, отам бояқишнинг пули йўқ эди. Нима қилсин, қурилишда ишлаб биз тўрт болани боқар, уйимиз ижара, онам ишламас, қўл учида зўрға кун кўрардик. Икки ҳафта давомида талабалар ётоқхонасидаги хонамда қотган печеньеларни чойга ботириб еб жон сақладим. Балки бироз пул бўлар деб, ишлатилган нарса-буюмлар сотиладиган сайтга ёзги пойабзалларим, сумкаларимни сотишга чиқардим. Қўлимда охирги беш лира пулим қолган, ўқишга бир марта бориб келсам уям тугайди деб, бир ҳафта дарсга ҳам бормадим. Охири стипендия бермоқчи бўлган яна бир ширкат бор эди, қўнғироқ қилиб “Стипендия бўлиши керак эди, ҳали бўлмадими?” деб сўрадим. Телефонга жавоб берган қиз: “Аслида уч ойдан бери стипендия ҳисобингизга ўтказиляпти, ўзингизга яқин банкоматдан текшириб кўринг” деганди юрагим қувончдан ҳапқириб кетди. Аллоҳим, қандай ҳаяжон билан чорсуга тушганимни таърифлай олмайман. Яна ичимда хавотир ҳам бор, агар пул ҳисобимга келиб тушмаган бўлса қўлимдаги 5 лира ҳам йўл кирага кетади.

Банкоматга етиб боришим билан талабалик шахсий гувоҳномам рақамини киргизганимни биламан, экранда “Ҳисобингизда 900 лира мавжуд” сўзини ўқидим. Хурсандчиликдан банкоматни олдида ҳўнграб йиғладим. Дарҳол юз лира ечиб олиб, эҳтиёжимга зарур нарсалар, озиқ-овқат сотиб олдим. Ўшандан бери Роббим қариндош бўлса ҳам бандасини бандасига муҳтож қилмасин, деб дуо қиламан. Ўқишни тамомладим, яхши жойларда, яхши лавозимларда ишлаб келяпман. Моддий имкониятим яхшиланиб, одамларга ёрдам беришга қодир бўлганимдан бери, пул берган кишимнинг сарф-харажатига аралашмайман. Аллоҳ мен орқали бандаларини қўллаб, қувонтиришни хоҳлаганининг ўзиёқ менга етади. Эҳтиёжманд, қўли калта дегани фақат нон-чой еб, эски кийим кийиб, йиртиғини ямаб ўтириши керак, дегани эмас. Ҳаммамиз инсонмиз, инсонларнинг ҳар хил эҳтиёжи, кўнгил тусаган ҳаваси бўлади. Менинг қўлимдан чиққан пул бир эҳтиёжманднинг ихтиёрига ўтдими, нимага, қандай сарфлаши ўзи биладиган иш, Роббим баракасини берсин, дейман…

            Мушарраф қоронғуда кўзлари намланиб, жилмайиб

ёнидаги қизга қаради:

    Кўнглингиз ҳам, ниятингиз ҳам чеҳрангиздек гўзал, Оишагул синглим. Илоҳим, тақдирингиз ҳам шундай гўзал бўлсин.

    Сиз мени синглингиздек кўринг, нимага эҳтиёжингиз бўлса, тортинмай айтинг. Мен етишмовчилик, йўқчилик ичида ўсган қизман, бу ҳолатнинг эзғинлигини яхши биламан…

Бу орада такси Мушарраф турадиган маҳаллага кириб келганди. Аёл ҳайдовчига уйини таърифлади. Оишагул диққат билан йўлни, қаҳвачи опа турадиган бино дарвозасини эслаб қолишга уринди. Аёл қайта –қайта ташаккурини айтиб, хайрлашиб машинадан тушар экан, қиз хаёлига келган ўйдан кўнгли чарақлаб кетди. Мушрраф опага пул берса, ғурури бадтар тирналади, айниқса, ҳозир яраси янги. Яхшиси, эртага дам олиш куни чиройли харид қилади, опага, қизларига мос либос, атир-упа, сумка олади. Ўғлига китоб, спорт формаси, пойабзал олади… Ўлчами-ми? Сотувчига 14 ва 12 ёш қизалоқларга, 9 ёшли ўғил болага деса, ёшига мос ўлчамдаги нарсаларни беради. Лойиқ келмаса, алмаштириб олишади, муаммо бўлмайди…

Шивалаб ёғаётган майин ёмғир остида қоронғуликни ёритиб бораётган машина ойнасидан сокин шаҳарни томоша қилиб бораётган Оишагул эртанги кунги режаларини ўйлаб мамнун жилмайиб қўйди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

САРГУЗАШТ

  Ўрхон Камол Пароход тирбанд эди. Дим, бўғиқ, уйқу келтирадиган жазирама ўт пуркайди. Уёқ-буёққа қараб пастда бир кишилик жой топиб, секи...