четверг, 16 апреля 2026 г.

ЯХШИ ХОЛАНИНГ ЯХШИЛИГИ

 

Бешинчи синфда ўқирдим. Укам учинчи синфда ўқирди. Мактабда жисмоний тарбия дарси бўларди. Бу дарсга ҳамма спорт формасида қатнашиши керак эди. Синфдошларимизнинг ҳаммасида сспорт формаси бор эди. Фақат мен ва укамда йўқ эди. Оиламиз камхаржроқ, онам ишламас, отамнинг топгани ҳамма нарсамизни бадастир қилишга ҳар доим ҳам етмасди. Ўқитувчи ўқувчиларнинг олдида дакки берар, спорт  формаси кийишимизни айтиб, изза қиларди. Ўқитувчимизга “Спорт формамиз


йўқ” дейишга уялардик.  Ҳар гал жисмоний тарбия дарсида ҳовлидан чиқиб, мактаб ташқарисидаги девор тагида ўтирардик. Яширингандек… Уялардик синфдошлардан, ўқитувчимиздан. Бир куни яна жисмоний тарбия дарсида ҳамма сспорт майдончасида ўтирар экан, биз ҳар доимги жойимиз — девор тагида ўтиргандик, бир хола ёнимизга келди. Бу холани ўз даврида қишлоқнинг ўзига тўқ кишиларидан бўлганини кейинчалик билдим.

    Болалар, нега бу ерда ўтирибсизлар?- дея сўради. Аввалига жавоб бермадик. Сўнг яна меҳрибонлик билан сўради:

    Бирор нарса керакми? Кийим-кечакми, пойабзалми?

Охири “очилдик”:

    Жисмоний тарбия дарсида кийгани спорт формамиз йўқ,- дедик.- Дарсга қатнашсак, ўқитувчи уришади…

     Тушундим,- деди.- Эртага меникига келинглар.

Шундай дедию, уйини бармоғи билан ишора қилиб, кетди.

Эртаси куни тушки танаффусда укам билан холанинг уйига борадиган бўлдик. Йўлда ўз- ўзимизча хаёл сурардик. “Бизга нима бераркин бу хола? Балки ўғлининг эскирган спорт костюми… Балки оёғимизга каттароқ кроссовка… Ўзи унча кўп нарса ҳам кутмасдик. Фақат жисмоний тарбия дарсига кира олсак бўлди эди. Фақат уялмасак, синфдошлар олдида гап эшитмасак, етарли эди.

Эшик қўнғироғини босдик. Хола бизни минг йиллик қадрдонларини қаршилагандек ниҳоятда хушчақчалик билан кутиб олди. Ичкарига таклиф қилди. Иккита сифатли фирма маҳсулоти бўлган спорт костюми, икки жуфт спорт пойабзали, дафтарлар, ручкалар, ўқув қуроллари… Биз кийилган, эскирган кийимларни кутгандек, хола эса биз учун бошдан-оёқ харид қилиб, кам-кўстимизни тўлдирганди. Боз устига “мен фалончи пистончи, ота -онанга айт” деб яхшилигини кўз-кўз ҳам қилмади. Сут ва пенченье билан сийлаб, кўнглимизни қувончга тўлдириб кузатиб қўйди.

Ўша куни тушундимки, айрим кишилар шунчаки ёрдам қилмайди, балки бир боланининг ғурури, шаънини ҳимоя қилади. Баъзи яхшиликлар сўзсиз, овозасиз, ҳайқиришларсиз қилинади, лекин боланинг умрига ўрнашиб, қалбига нақшланади. Орадан йиллар ўтди. Ўқидим, касб-корли бўлдим. Моддий аҳволим ҳавас қиларли. Лекин ўша деворни ҳеч унутмадим. Айниқса, мен ва укамга яхшилик қилиш билан қандай яхшилик қилиш сабоғини берган хола асло ёдимдан чиқмади.

Чунки айрим кишиларнинг бойлиги ҳамёнида эмас, кўнглида бўлади…

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

САРГУЗАШТ

  Ўрхон Камол Пароход тирбанд эди. Дим, бўғиқ, уйқу келтирадиган жазирама ўт пуркайди. Уёқ-буёққа қараб пастда бир кишилик жой топиб, секи...