Истанбул ва Анқара каби катта шаҳарларга яқинлиги ва мафтункор табиати билан йилнинг тўрт фаслида дам олиш учун афзал кўриладиган Сакаря, Мармара минтақасининг Чаталжа-Кожаели қисмида жойлашган. Қораденгиз соҳилининг узун қирғоқларида ҳордиқ чиқариш имконияти билан ёзги таътилнинг машҳур манзилларидан бирига айланган Сакаря, дунёнинг турли бурчакларидан табиат ихлосмандларини ўзига жалб этадиган Сапанжа кўли,
Туркиянинг энг катта сув ўрмони Aжарлар Лонгози кўли, тоғ ён бағрларида жойлашган Чамлижа кўли ва Туркиянинг учинчи энг узун Сакаря дарёси каби гўзалликларни ўз ичига олган.
Сокин ва хушманазара табиатида мириқиб дам олиш имкониятига эга бўлган Машуқийе каби шаҳарчалари билан машҳур Сакаря, мафтункор шаршараларидан ям-яшил яйловларигача, шифобахш булоқларидан бепоён тоғ бағирларигача кўз қувнатиб, руҳни яйратувчи гўзалликлардан барпо бўлган.
Сакаря вилояти жойлашган географик минтақа қадим замонлардан буён турли қабилалар ўтиб –қайтадиган кўчиш йўллари устида жойлашган. Шаҳар антик даврда Битиния деб аталган минтақада жойлашган. Бу исм минтақада истиқомат қилган ва кейинчалик худди шу номни олган Битин халқидан келиб чиққан.
Сўлим гўша жарангдор исмини мифологияда фригиялик дарё худоси деб билинган Саггариос (Сакаря)дан олган.
Маълумки, бу ҳудудда дастлаб битинияликлар, кейин эса византияликлар яшаган. 1324-йилда Ўрхон Ғози даврида византияликлар томонидан босиб олинган аҳоли пункти “Ada karyesi” (Aдақишлоқ) деб аталган.
Кейинчалик аҳоли сони кўпайиб, 16-асрда “Ада шаҳарчаси”га айланиб кетади. 18-асрда Кожаели вилоятига қарашли Ада тумани деб номланган. Aҳоли пункти 19-асрда минтақанинг қишлоқ хўжалиги ва савдо тузилишига кўра шаклланган; эгар ишлаб чиқарувчилар; тўқмоқ ишлаб чиқарувчилар; пойабзал ишлаб чиқарувчи косиблар ва темирчилар номли марказий маҳаллалар ташкил этилади ва туман Сакаря дарёсининг икки ёқаси ўртасида ташкил этилган бозори билан ҳақиқий "Aдапазари" (Ада бозори)га айланади.
Узоқ йиллар Кожаели вилоятининг тумани сифатида билинган Aдапазари 1954 йил 17-июнда Туркия Олий Миллат Мажлиси томонидан қабул қилинган қонун билан “Сакаря” номи билан вилоятга айланди.
Сакаря вилоятининг марказий тумани — Aдапазари. Aдапазари туманининг шимолида Кайнаржа ва Сўғутли туманлари, шимоли-ғарбда Кожаэли-Кандира тумани, ғарбда Кожаэли, жануби-ғарбда Сердиван ва Aрифия туманлари, жануб ва жануби-шарқда Эренлар тумани, шарқда Aкязи ва Ҳендек туманлари мавжуд.
Сакаря бўйлаб ғойибона саёҳатимизни, лаззатли ва шифобахш таомлардан тановвул қилиш билан бошлаймиз. Саёҳат тўқ қорин ва хотиржам кўнгилга татийди, ахир.
Йўлингиз тушиб, Сакарямизга ташриф буюрсангиз, “ислама кўфта”, беҳи дўлмаси, черкас товуғи, “чене чарпан” (яшил маржумак ва уградан қилинган хўрда), булғур хўрдаси, “пирасали бўрак” (кўкатли сомса) ва қовоқли гўзлема (қовоқ бичак)нинг таъмини татиб кўринг.
Шундай қилиб, саёҳатимизни бошлаймиз. Сакаряга ташриф буюриш насиб этганида, иншааллоҳ сайрни Кент хиёбони (Азиз Дуран боғи)дан бошлашни тавсия қиламан. Кент хиёбони Чарк анҳори бўйида 160.000 m2 майдонда барпо этилган. 14000 m2дан иборат сунъий кўли мавжуд ушбу хиёбон шаҳарга келган сайёҳлар биринчилардан бўлиб келадиган дам олиш маскани саналади. Хиёбонда пиёдалар юриши учун йўлаклар, югуриш йўлаклари, болалар учун ўйин майдончалари, пикник учун махсус боғчалар ва ресторанлар бор.
Шунингдек, хиёбон ичида шаҳар рамзларидан бири бўлган тарихий Чархпалак мавжуд. Чарк анҳори ёқасида 1581 -1585 йиллар орасида бунёд қилинган бу ёғоч тегирмон, 250 йилдан зиёд шаҳарга хизмат бергач, 1700ли йилларда томошагоҳга айлантирилади. Усмонийлар даврида масжидлар ва Адапазарини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ишлатилган тарихий чархпалакнинг томоша саҳнида туриб суратга тушишингиз мумкин.
Сакарянинг юраги деб аталадиган ва йигирма тўрт соат гавжум бўлган Чарк шоҳкўчаси Сакарянинг маркази Адапазари туманида жойлашган. Автотранспортлар ҳаракатланиши тақиқланган бу шоҳкўчанинг икки ёқасида савдо марказлари, дўконлар, кафе ва ресторанлар, гўзаллик салонлари жойлашган. Тунаб қолишингиз учун шинам ва барча қулайликларга эга бўлган меҳмонхоналарни ушбу кўчадан топиб, бир-биридан лаззатли маҳаллий таомларни ҳам шу ердаги овқатланиш масканларида татиб кўриш имконига эга бўласиз.


.jpg)

.jpg)
.jpg)





.jpg)


Комментариев нет:
Отправить комментарий
Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.