Самимият
— оддийлик
Аслида
ҳар бир аёлнинг ичида жозибадор, севимли, эркакни ўзига ром этиш йўлларини жуда
яхши биладиган малика яшайди. Афсуски, ҳамма ҳам билганларига амал қилмайди ва
бу билан ҳам ўзини ва ҳам атрофдагиларни қийнайди. Замонавий ҳаёт аёл кишидан
ҳар доим тезкорликни, ўз устида ишлаш ва аёллик назокатини сақлаб қолишни талаб
қилади. Биз аёллар табиий жозибамизни кундалик стресслар, майда-чуйда ташвишлар
ортига яширамиз. Эримиз бизнинг қиёфамизда мафтункор маликани эмас, ҳаёт
ташвишлари асабий ва серзарда қилиб қўйган дағал қиёфани кўради. Алал-оқибат,
бизнинг бу бепарволигимиздан зериккан ва безган эркак ҳаловати ва
кўнгилхушлигини бошқа жойдан излашга мажбур бўлади. Демак, замонавий “темир хоним” ақидаларидан
бироз чекиниб, оддийгина аёл бўлишни ўрганиш керак. Чунки самимият ва
жозиба оддийликда жам бўлади. Аёллар
эркаклардан фарқли равишда майда нарсаларга эътиборли бўладилар. Шунинг учунми
майда-чуйда қувончлардан завқланмайдилар. Эркаклар учун аёлларга оддий туюлган
нарсалар у қадар тушунарли бўлмайди ва бундай ҳолатларда улар икки баровар
кўпроқ завқланадилар.
Эркак
севгиси — гўзаллик манбаи
Кузатишлар
шуни тақозо қилади-ки, ўзига эътиборли бўлган, ҳар доим танаси ва руҳиятини
парвариш қилган аёллар ўзларини севадилар ва қадрлайдилар. Аёл узоқ йиллар ўз
гўзаллиги ва ёшлигини сақлаб қолган бўлса, демак эркак унинг малоҳати сақланиб
қолиши учун ҳар доим эътиборли ва меҳрли бўлган. Таъкидлаш жоизки, агар аёл
гўзаллиги ва ёшлигини эри учун сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилган бўлса,
демак унинг латофати сақланишида эркак муҳаббатидан завқланиш ва доимий
ғамхўрлик ва эътиборда бўлгани аниқ. Кийиниш услубингиз, пардоз-андозингиз,
умуман, ўзингизга хос барча жиҳатларингизда аёллик назокати уфуриб турсин. Ҳар
доим севимли бўлишнинг ягона шарти бу — латофатли аёл кўринишини ўзида
акслантириш. Ўзингиз учун ҳар доим мукаммал қиёфа яратинг. Ҳатто униформада ҳам
сизни аёллик назокати тарк этмасин. Айниқса, эркаклар орасида бу ҳақиқатни ҳеч
қачон унутманг.
Чиройли
муомала
Жозибадорлик
фақат ташқи кўриниш билан боғлиқ эмас. Киришимлилик, овоз оҳанги, гўзал муомала
ва самимият эркак қалбини ром этишнинг асосий омилларидан саналади. Бетакрор,
мулойим, беозор ва ярашиқли хатти-ҳаракатлар аёллик қуролларидир. Назокат ва
муғомбирлик орасидаги олтин оралиқни топинг. Овозингиз худди майин шабада каби
паст эшитилсин, бироқ унинг оҳанги ва таъсири қалб қулоқларини қоматга келтирсин.
Мақтовни
унутманг
Мақтовлар
фақат аёллар учун деган хато фикрдан қочинг. Эркаклар ҳам ўзи ҳақидаги мақтов
ва эътирофни эшитишни хуш кўришади. Фақат эркакни мақтаётганингизда гапираётган
гапингизга ўзингиз ҳам ишонинг. Ҳеч қачон эрингизни мақташдан уялманг. Ахир
бунинг ёмон жойи йўқ. Баъзан эркакка қаратилган мақтовингиз уни ўша
эътирофингизда кўргингиз келаётганини билдириш бўлади. Масалан, эрингизни
меҳрибон, ғамхўр, кучли эканини тез-тез таъкидлаш билан унга айнан шу
хислатларга эга бўлишликни уқтираётганингизга шаъма қилган бўласиз. Эркак
кишига унингсиз сизга жуда қийин эканини, ўзингиз ҳаммасини ҳал
қилолмаслигингиз, эрингиз ҳимоячингиз бўлишини эслатиб туринг. Унутманг, сўзлар
қанчалик ишончли жарангласа, таъсири шунчалик кучли бўлади.
Муҳит
таъсири
Атрофингизда
шундай гўзал муҳит яратингки, эрингиз сизнинг ёнингизда ўзи истаган ҳамма
нарсани топа олсин. Аураси гўзал аёл
ўзидан хушкайфият ва гўзал ҳаловат таратади. Албатта бундай аёлнинг олдидан ҳеч
қачон кетгиси келмайди кишининг. Эркак кишига ҳамфикр, дўст бўлиш керак. Ўз
фикрингизни унга маъруза шаклида эмас, дўстона мулоҳаза шаклида тушунтиринг.
Эркакнинг ишончига кириш учун унга ўз фикрингизни уқтиришга уринманг. Унинг
муаммосига бефарқ эмаслигингизни билдиринг. Бироқ муаммони ҳал қилишни бўйнингизга
олманг. Унга маънавий қувват бериб, далда бўлишингизнинг ўзи етарли. Қолаверса,
ўз муаммоларингизни ҳам мустақил ҳал қилманг. Эркак кишига унга эҳтиёжингиз
борлигини англатиб туринг.
Ўзингизни
қадрланг
Одатда
биз аёллар бошқаларга меҳр-ва эътибор кўрсатамизу, ўзимизни унутиб қўямиз.
Ўзингизни қувонтириб туринг.
Кайфиятингизни кўтарадиган машғулотингиз бўлсин. Ҳар куни ўзингиз учун
жисмоний ва руҳий парвариш кўрсатишингиз кераклигини унутманг. Ўзини севган,
ўзини қадрлаган инсонни атрофидагилар ҳам севади ва эъзозлайди.
Ишонч
билан эркакни қувватланг
Ҳеч
қачон эркакка паст назар ташламанг. Сизнинг қарашингиз, эътиборингиз эркакни
кучли қилади. Меҳрингиздан у ўзига ишончи ортади. Кўпчилик аёллар эркаклар билан
мулоқот чоғида ўзини ҳаддан ортиқ ақлли кўрсатиб, эркакни камситгандек
бўладилар. Бу ишлари билан эркакни ўзларидан нари итаришларини ўйламайдилар.
Аёлнинг
кучи — ожиза ва заифлигида. Замонавий қизлар кўп ҳолларда буни унутадилар ва
охир-оқибатда азоб чекадилар. Ахир Аллоҳ аёлга назокат, сабр-тоқат ва
ожизаликни берган. Унинг тадбирида хато бўлмайди!..
Тавсиялар
Севимли
аёл бир пайтнинг ўзида оддий ва мураккаб
бўлиши керак. Аёл ҳақиқатдан ҳам ёнида ўзига муносиб, орзусидаги эркакни
кўришни хоҳласа, оқила бўлмоғи, ўзгартириш керак бўлса аввало ўзи ўзгариши
керак. Эркак оқила аёл билан ёнма ён яхши томонга ўзгаради, муваффақиятларга
эришиб, омад поғоналаридан кўтарилади.
Шундай
қилиб, ҳар кунни байрамдай ўтказиш учун қуйидаига тавсиялар сизга асқотиши мумкин:
1. Пардоз.
Эркаклар кўзи билан севишини унутманг. Пардоз ва парвариш аввало
инсоннинг ўзига кайфият беради. Ўзингизга эътиборли бўлиш билан сиз ўзингизни
севишингизни, қадрлашингизни кўрсатасиз. Шу билан бирга сиз эркакнинг ғурурига
айланасиз. Рафиқаси ҳам гўзал, ҳам ақли бўлган эркак омадли ҳисобланади.
2. Ўз-ўзини таъминлаш. Ҳамма оғирлигини
эркакка юклаб қўйиш ҳам ярамайди. Ўзингизнинг алоҳида жамғармангиз бўлсин. Ҳеч
бўлмаса, фақат ўзингизга сарфлайдиган пулингизни ўзингиз топганингиз яхши.
3. Назокат ва латофат. Эркаклар назокатли, аёллик латофати барқ уриб
турган аёлни қўлида асраб авайлашни истайди. Чунки ожизалик сифати билан
аялишга муносиб аёлни ҳимоя қилиш завқли. Шунингдек, бетакрор аёл бўлишни ҳам
унутманг. Бунинг учун ҳеч кимга тақлид қилманг, ўзингизнинг қиёфангиз бўлсин.
4. Қувноқлик. Ҳазилкаш, шўх аёллар
эркакларнинг жону дили. Ҳазиллашиб туринг, лекин эркакнинг устидан кулманг.
Маиший муаммоларни драматик фожиага айлантирмай, юмор билан ҳал қилишни
ўрганинг.
5. Табиийлик. Баъзан эркакнинг қалбини забт
эиш учун қандай бўлсангиз шундайлигингизча қолганингиз етарли. Ахир сиз уни
аллақчон ром этгансиз. Энди мана муҳаббатни кучайтириш ва давомли қилиш сизнинг
муваффақиятингиз.
6. Тўғрилик. Эркаклар илмоқли гаплар, киноя ва
шаъмаларни хушламайдилар ва аёлда ҳам шу хусусиятни кўришни истайдилар. Ҳеч қачон эркакка коса
тагида ним коса қилиб гапирманг. Улар топишмоқ топиб, бош қотиришни жуда ёмон
кўришади. Қандайдир таклифингиз ёки истагингиз бўлса, фурсати келганда рўйи рост
гапиринг.
7. Донолик. Қизиқарли суҳбатдош бўлинг. Ҳар
қандай мавзуда суҳбалаша оладиган, мустақил ва ижодий фикрлайдиган, дунёқараши
кенг аёллар ҳар доим эркакларнинг диққат марказида бўладилар. Ўзингизни ҳаддан
ортиқ доно қилиб кўрсатманг, аммо сиз билан суҳбатлашаётган инсон дилдан
яйрасин. Эркак бир нигоҳ билан аёлнинг ташқи кўринишидан у ҳақида хулосага
келади. Суҳбат жараёнида эса инсоннинг ички оламининг не қадарлиги аён бўлади.
Ташқи кўриниш қанчалик мукаммал ва мафтункор бўлмасин, ички оламдаги нуқсонлар
унга соя солади.
Омад
тумори
Эркаклар
баркамол, рисоладагидек, ҳар жиҳатдан мукаммалликка эришолган аёлларни
қадрлашади. Бундай аёл билан
муваффақиятга эришиш осон. Чунки гўзал, оқила, доно аёлдан бетакрор ижобий
қувват таралади. Бу тофидадаги аёлларни эркаклар ҳеч қачон қўйиб юбормайдилар,
ҳатто омад туморидек асрайдилар.
Ўзига
бўлган ишонч аёлнинг қатъиятини оширади. Ишонч катта куч. Аёлнинг ўзига бўлган
ишончи эса эркак учун уни бетакрор эканини англатади. Ўзига нисбатан ишонч,
севги ва ҳурмат атрофдагиларга бўлган муносабатини белгилайди.
Аёл ўзига бўлган ишончи ва қобилияти билан
бетакрорлик касб этади. Иқтидори ва дунёқараши аёлнинг ички оламини атрофга
намоён қилади. Аёл ўзидаги ижобий хусусиятларни ўзига ишонч билан
атрофдагиларга кўрсата олса, севимли аёл бўлишга муносиблигини намоён этолса,
ундаги фазилатлар эркакларни жиддий муносабат учун жалб этади. Аёл учун ўзининг
ожизалигини сақлаб қолган ҳолатда, камчиликларини тўлдириш ва ҳаётини чиройли
қилиш учун ҳар доим имкон бўлади. Эркак учун эса ана шундай аёл ҳар доим
севимли ва керак бўлади.
Умида
АДИЗОВА

Комментариев нет:
Отправить комментарий
Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.