Айни
пайтда бу савол ҳар икки оиладан бирида яшаётганларнинг яккаш ўйига айланиб
қолди. Тан олиш керак, бугун оилавий муносабатларда арзимас муаммолардан
зиддиятлар келтириб чиқараётган, никоҳ муқаддаслигини ҳис этмаётганлар
кўпчиликни ташкил қилади. Бу борада ўша ҳар доим такрорлайдиган гапимизни боз
айтамиз: “Қизларни турмушга тайёрлаш” деганда фақат сеп-сидирға, мебелу
идиш-товоқларга аҳамият беряпмизу қизларимизни оилага, бекаликка тайёрлашни,
оила мустаҳамлиги кўп ҳолларда аёлларга боғлиқлигини, эркакдан яхши, вафодор
эр, уйим-жойим дейдиган, масъулиятли ота ясаш учун аёл сочлари оқариб, юзига
ажинлар тушиши кераклигини ўргатмаяпмиз. Нафақат қизлар, балки йигитларни ҳам
оилага тайёрлаб бориш керак. Аммо таассуфки, кўпчилигимиз мустаҳкам оила қуриш
асосларини ҳанузгача тўла-тўкис англаб етмаганмиз. Бугун айни мавзуда мулоҳаза
ва тавсияларимизни сиз билан баҳам кўрамиз.
Фарзандини
оилага тайёрлаш — ота –онанинг боласи турмуш қуриш ёшига етишишдан анча олдин
киришиши керак бўлган вазифа ҳисобланади. Қиз болага у жуда ёшлигидан оила
сир-синоатлари, аёл кишининг масъулият ва мажбуриятларни тушунтириб бориш,
пазандалик, чеварликни ўргатиш, қолаверса, ўзига оро бериш, зийнатланиш ва
орасталикка қатъий амал қилишни уқтириб бориш керак. Ўғил болаларга эса,
кичкиналигидан эркак киши оила устуни эканини, рўзғорнинг моддий-маънавий
таъминоти унинг зиммасида бўлишини амалда кўрсатиб, тушунтириш билан бирга
хўжалик ишларини ҳам ўргатиб бориш керак. Масалан, томорқада ишлаш, экин-тикин
қилиш, уйда ишламай қолган рўзғор анжомларини созлаш каби ишларни ўғил
болаларга ўргатиш маъқул. Аксарият, эркаклар маиший буюмлар тугул, оддий
деразанинг синган ойнасини ҳам ўрнатишни эплолмайдилар. Жўмракдан оқаётган сув,
ҳожатхонанинг яхши ишламаётган сув тортгичи, газ плититасининг ейилиб кетган
бургачилари сабабли ҳам оилада жанжал келиб чиқади.
Айримлар
муносабатларга путур етиб, оила парокандалик ёқасига бориб қолганидан кейин
оилани сақлаб қолиш чораларини ўйлай бошлайдилар. Бундай ҳолларда кўпчиликка
оилавий муносабатлари дарз кетишининг асосий сабаблари хусусида савол
берсангиз, турли баҳона-важларни далил қиладилар. Аммо англашилган ҳолат шу
бўладики, эркак ҳам, аёл ҳам ўз вазифасини тўла тўкис англамайди ва масъулиятни
ҳис қилмайди.
Хўш,
оила мустаҳкамлиги нимадан иборат?
Бизнинг
тасаввуримизда рисоладагидек эркак деганда асосан топарман-тутармон, маошини
хотинидан бекитмайдиган, уйим-жойим деб тинмайдиган эр, рисоладагидек аёл
деганда эса пазанда, эпчил, ширинсўз, уй-рўзғор юмушларини бадастир адо
этадиган рафиқа жонланади. Албатта бу нисбатлар ҳам ўз ўрнида тўғри. Аммо эр-хотин
бир-бирига яқинлаштирадиган ва оилани мустаҳкамлайдиган асосларга руҳий
яқинлик, кўнгилдошлик ҳам киради. Пул топиб рўзғорни таъминлаш ва ош-овқат
қилишнинг ўзи билан ҳаётни гўзаллаштириб бўлмайди. Ювиш-тарашу, пиширишни
техникалар ҳам уддалайди. Инсон машина-техника эмас. Уни қалб бошқаради. Демак,
оилани мустаҳкамлаш учун кўнгил яқинлиги ва ўзаро муҳаббат ҳам муҳим аҳамиятга
эга экан.
Муҳаббатнинг
афзали —ҳурмат
Эр-хотин
ўртасида аввало ўзаро ишонч ва ҳурмат мустаҳкам бўлиши керак. Ўзаро ҳурмат бўлмаган
жойда муносабатлар мўрт ва заиф бўлади. “Сенга тегиб нима кўрдим?”, “Сен ношуд
хотинсан” каби маломатлар шундоқ ҳам таранг тортилиб турган муносабатларни узиб
юборади. Бежиз буюклар “Бошга бало недан келур, бир қаричлик тилдан келур”
демайди-да ахир! Бир-бирингизнинг ютуқларингизни кўра оладиган нигоҳингиз
бўлсин. Муваффақиятларингиз, қувончли дамларингизни бирга баҳам кўринг. Ишда ё
жамоатчиликда бирор яхши натижага эришсангиз жуфтингизга “Бу — сизнинг ҳам
ютуғингиз. Сиз бўлмаганингизда балки бундай ютуқларга эришолмасмидим” деган
такаллуфни очиқ изҳор қилишдан тортинманг. Бу билан орангиздаги муҳаббат
кучаяди.
Кўзингиз
“кўр” бўлсин
Оилангиз
мустаҳкам, бахтингиз бардавом бўлиши ни истасангиз жуфтингизнинг нуқсон ва
камиликларига кўз юминг. Айбларини “кўрманг”. Хато ва нуқсон сизда ҳам керагича
топилади. Ўзингизга савол бериб кўринг, бу феълингизга ўзингиз қандай тоқат
қилардингиз? Зиддиятли вазиятлардан
узоқроқ юринг. Унутманг, ҳар қандай одат такрорлангани сари одатийликка айланиб
бораверади. Арзимаган нарсаларга дилхиралик келтириб чиқариш, жанжаллашиш,
бир-бирини беҳурмат қилиш ҳам шу жумладан.
Баҳслашманг,
бир-бирингизни тингланг
Жуфтингизнинг
кайфияти яхши бўлмаслиги, чарчаган, зериккан бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда
сўроқ-савол билан тергаш ўрнига унинг кайфиятини кўтаришга урининг.
Фарзандларингизни ўз хонасига чиқариб юбориб, эрингиз ё рафиқангизга сокин тин
олиш имконини яратинг. Агар ишдаги ё кўчадаги кўнгилсизликни кўтариб келиб,
аламини сиз ё болалардан олишга уринаётганида ҳам баҳслашманг. Бироз вақт ўтиб
ўзига келади ва мулоҳазангизни ётиғи билан тушунтирасиз. Бир-бирингизни
тингланг. Фақат эр-хотин эмас, бир-бирингиз учун яқин дўст бўла олинг!
“Сеҳрли
сўз”ларни кўп ишлатинг!
“Лаббай?”,
“Хўп бўлади!”, “Сиз учун тайёрладим!”, “Меҳр ва эътиборга арзийсиз!”, “Сиз
билан жуда бахтлиман!”, “Бизга кераксиз!” каби жумлалар бахт эшигининг калити
ҳисобланади. Оилангиз мустаҳкам, бахтингиз бардавом бўлишини истасангиз бу
жумлаларни тез-тез ишлатинг.
Хулоса
Инсон
ёлғизликда бахт ва ҳаловат тополмайди. Бу — ҳаётнинг исбот талаб қилмайдиган
ҳақиқати. Шундай экан, оила мустаҳкамлигига ҳали оила қурмасдан аввал ҳаракат
бошланг. Олдингизда бир мақсад бўлсин: турмуш ўртоғингиз сиз билан фахрланишини
астойдил истанг. Ишонаверинг, бу истак турмушда учрайдиган барча
қийинчиликларни енгиб ўтади ва оила мустаҳкамлигини таъминлайди.
Умида Адизова
тайёрлади.


Комментариев нет:
Отправить комментарий
Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.