пятница, 17 апреля 2026 г.

ЭНГ ГЎЗАЛ ИМТИҲОН

 



Биринчи турмуши бузилганди. Тақдир экан, оиласини сақлаб қолишга ҳар қанча уринмасин, бир кишилик мужодаланинг якуни ғалабага бошламади. Ажрашишди. Ўн саккиз ёшда эди. Икки ойгина давом этди турмуши. Сўнг қилдан қийиқ ахтаришлар бошланиб, ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ бўлиб, нафаси ҳам малол кела бошлади. Аввал қайнонага, сўнг эрга ҳам ёқмади. Қайнонаси ўзи хоҳлаб келин қилганди. Ота-онаси ўзи танлаб узатишганди. Турмушнинг мушти эса фақат унинг бошига тушди. Ота уйига қайтиб келганида қорнида гумонаси бор экан. Бола ақли билан ҳомиладорлигини ҳам билмабди. Қайнсинглиси фарзандли бўлса, уй-жойдан маҳрум бўлиш хавфи борлигидан хавотирланган янгаси онасини аврашга тушди:

— Итдан бўлган қурбонликка ярамайди, дейдилар, ойижон. Заҳрохон тенгилар ҳали қўғирчоқ ўйнаб юришибди. Болани йўқотиш керак, эрига бола керак бўлганида ёшгина хотинни кўчага ҳайдаб солмасди. Эрта бир кун Заҳрохон ҳам турмуш қилиши керак. Шундоқ ўтиб кетмайди-ку, тўғрими? Бола билан уни ким олади? Боласини олдириб ташласак, эҳтимол бўз йигитга ҳам тегиб кетар. Ёш ҳолида бола оёғига тушов бўлади.

Онаси ўйлаб ҳам ўтирмади. Келиннинг маслаҳати ақлли фикр бўлиб кўринди. Қизни алдадилар, аврадилар, шифокорга олиб бориб, мурғак юракчага тиғ урдилар. Касалхонадан чиқишда она қизини танбеҳлади:

— Опаларингга айтмай қўявер. Хавотирланишмасин. Ҳа, дарвоқеъ, ўзи шундоқ ҳам боланинг юраги яхши тепмаётган экан. Туғилганида ҳам сенга кўргилик бўларди.

Кўз остидан зимдан онасига қаради. Ёлғон гапираётганди. Коридорда ўтирганида шифокор аёлнинг "Соппа-соғ аёлнинг соппа-соғ ҳомиласини олдириб ташлаш гуноҳ, хола. Эридан ажрашган бўлса, фарзанди овунчоғи бўлади, ҳар кишининг ризқи, тақдири бўлак. Қизингизнинг толеига саодатли аёл бўлиш битилган бўлса ўнта боласи бўлса ҳам, битта боласи бўлмаса ҳам бахтиёр бўлади. Бу ишинглар яхши эмас" деди. Онаси ва янгаси ялиниб -ёлвориб, алланималарни пичирлаб сўйланиб шифокорни ҳам қотилликка ундашди…

Аммо боласиз ҳам ота уйига сиғмади. Педколлежни тамомлаган эди, мактабда меҳнат таълимидан дарс берар, маошини олиб шундоқ онасининг қўлига тутқазарди. Тонгда иш соатигача, кечки пайт ишдан қайтиб уй ишларини саранжом-саришталаб, ҳатто далада ҳам ишлаб келишга улгурарди. Лекин тиши билан қудуқ қазиса ҳам уйдагиларнинг кўнгли тўлмасди. Янгаси қилдан қийиқ ахтариб, дилсиёҳлик чиқарар, эр-хотин ўзаро тортишиб қолишса ҳам айбдор эрдан қайтиб келган қайнсингил бўларди. Бу орада иш жойида ҳам муаммолар пайдо бўла бошлади. Университетни тамомлаб келаётган олий маълумотли ёшларни иш билан таъминлаш бирламчи вазифага айланиб, ўрта-махсус маълумотлилар ишсиз қола бошлади. Ўзи кунда беш-олти соат шу уйдан, янгасини турткилашию онасининг таъна- маломатларидан узоқроқ бўлар эди, шуям пешонасига ортиқчалик қилди. Қолаверса, собиқ куёви уйланиб олди. Ёқтирган қизи бор эмиш, Заҳрога ота-онасининг қистови билан уйланганмиш. Бу ерда қолиши ҳам руҳий, ҳам иқтисодий зарбалардан жабрланишга олиб келади. Кетиши керак. Пойтахтга кетиб иш топади, сўнг ўқишга тайёрланиб, университетга ўқишга топширади. Ҳаёт эрга тегиб ажрашиш билан ерпарчин  бўлмайди. Шу хаёллар билан кечаси зарур нарса-буюмларини йиғиштирди. Бир синфдоши тошкентда ўқирди. Уни қора қилиб борадиган бўлди.

    Ўзинг биласан,- деди онаси ғашланганини яширишга ҳам уринмай.- Уйда ҳам сенинг дастингдан хотиржамлик қолмади. Шунча қиз эрга тегиб, тинчгина яшаяпти, сен эрга тегиб ҳам тинчимадинг. Ана, опаларинг қўл сингани енг остида деб яшаб юрибди-ку?

“Ялт” этиб онасига қаради. “Сизлар танлаган одамга, сизларнинг хоҳишингиз билан тегдим. Сарпо-суруқ,  тўй харажатлари учун куёв томонни роса шилибсизлар, тўйдан кейин уларнинг миннатини мен эшитдим. Қизимга сўнгги урфдаги палто олиб берасанлар, деб оёқ тираб олибсиз. Тағин қайнонамдан палтонинг пулини олиб, сепимга палто олмабсиз, қайнонам: ёзнинг чилласида палто нима учун керак, тўйдан кейин ҳосилни йиғиб-териб кузда олиб берамиз, дегандим, онанг тўполон кўтарди, палтонинг пулини олиб, еб юборибди, заққум бўлсин, деб қарғаганди, сизга айтолмадим” демади. Ичидан хўрликлар билан тўлиб-тошиб келаётган сўзларини ютиб, уйдагилари билан наридан- бери хайрлашиб йўлга чиқди…

***

Кундузи ишлаб, кечаси ўқишга тайёрланди. Университетга ўқишга қабул қилинди. Тўлов-шартнома пулини тўлашга қийналиб, ўқишини сиртқига ўтказди. Яна кечаю кундуз ишлади. Пул топиш учун ҳалол меҳнатдан уялмади. Одамларнинг уйини тозалар, ишига қарашар, уйида бола боқар, касал қарар, ишлаётган жойида кундузи мутахассислиги бўйича ишлаб, кечқурун фаррошлик қиларди.

Иккинчи бор турмуш қурди. Иккинчи турмуши ҳам бўлмади. Эри бўз йигит, у ажрашган аёл эди. Ҳар қанча бу турмушдан чўчиса-да, аёлнинг ҳис-туйғулари ҳам заиф бўлар экан, йигитнинг “Ҳозирча ота-онамга индамаймиз, кейин ўзим ётиғи билан тушунтираман” деганига ишонди. Севги-муҳаббат деганлари ҳам вақтинчалик ҳислар экан. Қайнонаси ўғли айтмасданоқ келинининг бир пайтлари эрга тегиб ажрашганини билиб қолди. Жанжал-тўполонлар… Афсуски, иккинчи турмуши ҳам бузилди. Бу сафар ҳам қорнида ҳомиласи…

Аммо бу гал бор машаққатларга сабр қилиб, тишини тишга босиб фарзандини дунёга келтирди. Аллоҳ ўғил фарзанд неъмати билан сийлади уни. Ойнинг қоронғу кунлари ўтиб, ҳатто тунда ҳам қалбида қуёш балқиб турадиган ойдин кунлари ҳам бор экан. Темур дея исм қўйган ўғли унинг учун дунёдаги бор шодлигу севинчларга дарвоза бўлди…

***

Қишлоғидан чиқиб кетганига йигирма тўрт йил бўлибди. Йиллар яраси битиб кетган бўлса-да, баъзан оғриғини худди ўша кунгидек ҳис қилади. Узоқ қишлоқдаги ота-онасининг иссиқ-совуғига ҳам у югуради. Акаси, опалари, синглиси, ҳамманинг дардига у —дармон. Аммо ҳали ҳам ёлғиз, ҳамон кўнгли кемтик. Ўғли хорижда ўқишини давом эттирмоқчи. Баъзан уй-жойини сотиб у ҳам дилбанди билан кетишни ўйлайди. Бироқ бир пайтлари ўн тўққиз ёшли қиз шаҳарда ёлғиз нима қилади, яхшиси бор, ёмони бор, бу қизнинг қўлида пули йўқ, даромади йўқ, қандай кун кечиради дея унинг ташвишини қилмаган, келини тинч бўлсин дея бошидан нари қилишга уринган ота-онасини ўйлайди тағин. Кексайиб қолишди. Бир пайтлари кун чиқса ҳам келинга ҳам, ой чиқса ҳам келинга, яккаю ягона ўғлим деб кўзига термулиб ўтирган ўғилларию келин ўзи билан ўзи оввора. Бир коса иссиқ шўрвани тутқазганига ҳам раҳмат. Ота-онаси асосан шаҳарда, унинг уйида. Уям кетиб қолса, кексаларнинг ҳоли нима кечади? Уни ўйламаган ота-онасининг ташвиши ярим кўнглини ҳеч бўшатмайди.

Яқин-яқинлардан бери ўғлининг отаси ҳам уйи атрофида ўралашадиган бўлиб қолибди. Ўғли отасини танимасди. Бир куни кечки пайт она-бола дўкондан эратлабки нонушта учун ул-бул олиб қайтишаётганди, ҳовлидаги ўриндиқда ўтирган кишининг нигоҳи уларга қадалгандек ҳис қилди. Юраги “шув” этди. Қайси куни ҳам шу атрофда юрган эркакни Темурнинг отасига ўхшатганди. Туни билан безовталаниб чиқди. Эрталаб ўғлини ўқишга кузатиб, уй-ишларини саранжомлаб ишга кетаётганди, лоп этиб қаршисида бир эркак пайдо бўлди:

    Боя чиқиб кетган йигитча менинг ўғлимми?- Юраги қинидан чиқаёзганди, бу савол билан бошига тош тушгандек бўлди:

    Йўқ, у фақат менинг ўғлим!

    Ҳа-а, демак, менинг ўғлим…- Ялинди-ёлворди, йиғлади-сиқтади, беш қизи борлигини, ўғил фарзанди йўқлигини, онасининг гапига кириб ажрашганидан пушаймонлигини айтиб таваллолар қилди.

    Бўлди, ёш боладай кўз ёши қилманг. Темур сизнинг ўғлингиз. Лекин сиз билан ота-бола муносабати қуришини айтиб мажбурламайман. Унга келганингизни, орадан ўн тўққиз йил ўтиб ўғлингиз борлигини кимдандир эшитиб, сўроқлаб келганингизни айтаман, холос. Сиз билан муносабат қуриш-қурмаслиги унинг иши. Бошқа бу атрофларда айланиб-ўралашиб юрсангиз, сизни участка нозирига шикоят қиламан…

Шундай дея эркакни узоқлаштирди-ю, юрагининг бир бурчаги хижил бўлиб қолди. Ҳеч кимнинг кўнглини билиб бўлмайди. Ҳатто фарзандинг бўлса ҳам. Ўғил бола отасига қалбдан боғланган бўлади, дейишади. Отаси билан бўлиб, уни эътиборга муҳтож қилиб қўйса-чи?..   

    Ойи, Фируза холам энди турмушга чиқдиларми? Олдин оила қурмаганмилар?- Яқин дугонаси Туркияга келин бўлди. Тўйдан олти ой ўтиб ўғли билан келин кўргани Туркияга боришди. Фируза уйларига тез-тез келиб турарди. Баъзан ўғлини навбати билан боғчадан олишар, кечқурун иши чиқиб қолганида ўғлига дугонаси қараб турарди.

    Ҳа. Ўқиди, ишлади. Тақдир экан ўғлим, насибаси ўша ерларда экан-да, энди турмуш қурди.

    Сиз билан тенгдошмилар?

    Йўқ, мен икки ёш каттаман.

    Ойи…- Ўғли мулоҳаза билан ҳар бир сўзни оғир-оғир талаффуз қилиб.- Сиз ҳам турмуш қуринг. Сиз ҳам бахтли бўлишингиз керак.

    Ўғлим… Нималар деяпсан, болам? Шу ёшдами? Мен сен билан бахтлиман, ўғлим…

    Йўқ, ойижон. Инсоннинг бахти жуфти билан тўкис бўлади. Мен уйланганимдан кейин сиз ёлғиз қолишингизни хоҳламайман.

Бўғзини аллақандай тугун ачиштираётганди. Ўғли бир зумда улғайиб, қаршисида оталарча донишмандлик билан унга қараб турарди. Юраги тез уриб кетди. Шу қаршисидаги нигоҳларидан ҳайбат ёғилиб турган киши унинг ўғлими? Бир амаллаб ютинди:

    Сен уйланасан, иншааллоҳ, бир этак болаларинг бўлади. Набираларим билан овунаман. Нега ёлғиз қолар эканман, ўғлим?

    Ойи, мен чин дилдан айтяпман. Сиз ҳали қирқ бешга ҳам кирмадингиз, ойи. Қолаверса, турмуш қуришда ёш чегараси белгилаб қўйилган эканми? Ёлғизлик инсонни касал қилади. Нуқул тушкун хаёлларни эсга туширади. Қолаверса, мен уйлансам болаларимга онаси қарайди, сиз менга қараб, мени тарбиялаб, боқиб, ўстирдингиз, анча-мунча оталар эплолмайдиган машаққатларга кўкрак кериб, мени ҳар томонлама тўкис улғайтиришга ҳаракат қилдингиз. Тил ўргандим, спорт билан шуғулландим. Ўзим хоҳлаган хорижий университетга ўқишга қабул қилиндим. Динимни, Аллоҳга бандалик қилишни ўргандим. Буларнинг ҳаммаси сизнинг заҳматли меҳнатингиз асосида бўлди, ойижон. Энди ўзингиз учун яшанг. Илтимос қиламан ойижон, мени хотиржам бўлсин, десангиз кўнглингизга маъқул, Аллоҳдан қўрқадиган, иймон-инсофли, мард инсонга турмушга чиқинг. Ҳаётда ҳамма номард эмас, яхшилар жуда кўп. Ҳам биз ёмон кишиларнинг ёмонлиги билан имтиҳон қилинмасак, яхши инсонларнинг қадрига етмаган бўлардик. Ўзингиз айтасиз-ку, неъмат ҳам, зиллат ҳам имтиҳон, дея. Сиз шунча йил машаққатлар билан имтиҳон қилиндингиз, энди яхшиликлар, мўл-кўл неъмат билан синалиб, сабр ва шукрингизнинг ажрини кўришингиз керак, ойи…

Ҳўнграб йиғлаб юбормаслик учун кўзларини катта-катта очиб, жилмайганча ўғлига қараб турарди. Бироз пайт ўтиб, ўзини босиб олиб оҳиста шивирлади:

“Аллоҳим, имтиҳонларнинг энг гўзалини менга берганинг учун, ўн фарзанднинг садоқати ва заковатини бир ўғилда жамлаб, бу неъматингга мени оналикка танлаганинг учун Ўзингга беҳисоб шукрлар бўлсин…”  

    Умида Адизова

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.

САРГУЗАШТ

  Ўрхон Камол Пароход тирбанд эди. Дим, бўғиқ, уйқу келтирадиган жазирама ўт пуркайди. Уёқ-буёққа қараб пастда бир кишилик жой топиб, секи...