Аёллар дўстлиги — ўзаро ишонч, самимият, аёлларнинг ўзаро яккаш манфаатлари асосида юзага келадиган беғараз муносабат. Дўстлик туйғуси — икки инсоннинг бир-бирига қалбан талпиниши, руҳий яқинлик, бир-бирини сўзсиз тушуниши ва қадрлаши, яхши-ёмон кунида бир-бирини чин дилдан қўллаб –қувватлаши ва ҳар доим ўзаро ёрдамга шай туришликни англатади. Бир сўз билан айтганда дўстлик — кўнгил иши. Мана шу дўстлик туйғуси аёлларда чинакам бўладими? Яъни, аёлларнинг дўстлиги ҳаёт синовларига не қадар чидамли бўлади? Бугун айни мулоҳазалар атрофида фикрлашамиз.
Аёлларнинг дўстлиги қуйидаги тоифаларга бўлинади:
А) Ҳар қандай вазиятда дарз кетмайдиган, узоқ муддат давом этадиган дўстлик
Б) ўй-фикрлар уйқашлиги, яъни дунёқараши мос тушгани учун юзага келган дўстлик
С) касби ёки шахсий ҳаёти бир хил бўлган аёлларнинг ўзаро муносабати
Эркаклар дўстлигидан фарқли равишда аёлларнинг дўстлигида ҳис-туйғу ва биродарлик устун туради. Қолаверса, аёллар ўз тоифадоши олдида ҳис-туйғусини ошкор қила олиш, унинг дардини ҳис қилиш ва кўп ҳолларда бир пайтлари қаршисидаги инсон энди бошидан ўтказаётган кечинмаларни кечирганини мулоҳаза қилиш билан самимий дўст бўла оладилар.
Айримлар “Аёллар орасида дўстлик бўлмайди” дея нисбатлайдилар? Бу фикрлар нимага асосланган?
“Аёлларнинг дўстлиги ҳақиқий бўлмайди” деган фикр узил-кесил хулоса бўлолмайди. Бу аёлларнинг ҳис-туйғуларга берилувчан, кўнгли ўта нозиклиги билан тавсифланиши мумкин. Лекин аёллар кучли жинс вакилларига нисбатан хиёнат ёки алдовни рўкач қилиб, ҳақиқий дўст бўлолмайди, деб бўлмайди. Аёллар мушкул ҳолатга тушган дугоналарини имкон даражасида ўз ҳолига ташлаб кетмайдилар. Гарчанд, қачондир ундан панд еган бўлсалар ҳам. Шундай аёллар борки, дугонаси уни орқадан ёмонлаб, сирларини очиб юрганини билади. Лекин шунга қарамай дугонаси билан дарҳол муносабатларни узиб, ихтилофни кучайтирмайди. Аксинча, орқаваротдан унга тош отиб юрган дугонасига яхшилик қилиш билан самият ва садоқатни ўргатади.
Аёлдан чинакам дўст чиқадими?
Албатта, аёллар ҳақиқий, вафодор дўст бўладилар. Аёлларнинг муносабатларида самимийлик ва бир-бирини қўллаб –қуватлаш, дарду қувончнинг ўхшашлиги ва баҳамжиҳатлик уфуриб туради. Яна бир нарса, аксарият аёллар дангалчи, мард бўладилар. Ўзларига ёқмаган инсон билан мажбурий дўстлик муносабатида давом этмайдилар. Дунёқараши, ўлчовлари ўзларига номутаносиб инсонлардан секин воз кечадилар. Аёлларни кўрган-кечирганлари уйқашлиги, ҳаёт йўлида дуч келган машаққатлар, қийинчиликлар, кўнгил оғриқлари бир-бирга яқинлаштиради ва қадрдонга айлантиради. Ҳатто қандайдир манфаатни кўзлаб дўстона алоқа ўрнатган аёллар ҳам маълум вақтлар ўтгач, қиёматлик қадрдон дугоналар бўладилар. Дўстликда маънавий манфаат — қалблар уйғунлиги, кўнгил кўнгилдан сув ичиши муҳим аҳамият касб этади. Менимча, аёл қалби талпинмаган, кўнглига ўтирмаган инсон билан дўстлашолмайди. Никоҳ, турмуш ҳаётда зарур восита. Дейлик, бўлажак турмуш ўртоғи унчалик кўнглига ўтирмаса ҳам аёл қандайдир манфаатларни ўйлаб, масалан, ота-она ризолиги ёки оила қуриш вақти ўтиб бораётгани, ё бўлмаса умр йўлдошликка танланган номзоднинг ижтимоий аҳволи, жамиятдаги мавқеъини ўйлаб таваккал турмушга чиқиши мумкин. Лекин ҳеч қачон дугона, дўст танлаётганда моддий ва ёки бошқа мажбуриятларга таянмайди. Ҳатто иш юзидан ҳамкор танлаётганда ҳам аёл қаршисидаги инсон руҳиятига қанчалик маъқул тушгани билан қизиқади. Чунки дўстлик аёллар наздида — тенглик иттифоқи.
Ҳис-туйғулар баҳам кўрилади
Аёллар дўстлигининг барқарор ва мустаҳкамлигининг яна бир сири — улар ҳар қандай ҳис- туйғуларини бўлиша оладилар. Хурсандчилик дамларида қувончларини, ғам-ғайғули онларида изтиробларини дугоналари билан баҳам кўрадилар. Ҳис-туйғуларни бўлишиш инсонларни бир-бирига яқинлаштиради. Шунингдек, кўнглига яқин олган инсонларнинг далдаси, қўллаб-қувватлашидан руҳланади инсон. Курашувчанлик, ғайрат ва шижоатни ўзида ҳис қилади. Аёллар дўстлигининг яна бир ютуғи — нозик жинс вакилаларида оналик меҳри, она-бола ришталари туғма ривожланган бўлади. Бу — атрофдагиларга ғамхўр ва меҳрибон бўлишликни тақозо этади.
Мулоқотда қалб қулфи очилади
Аёллар тез-тез ўзаро мулоқотда бўладилар. Мулоқот — бир-бирини тушуниш, қувонч-ташвишларини ҳис қилиш имконини беради. Демак, мулоқот, суҳбатлашиш инсонларни бир-бирига яқинлаштиради. Эркаклар тасаввури билан ёндашганда, аёлларнинг ўзаро суҳбати беҳуда дийдиё, шунчаки валақлаш бўлиб туюлади. Лекин мана шу мулоқотларда аёллар бир-биридан ижобий қувват олади ва салбий қувватларидан халос бўладилар.
Меъёр мувозанати бузилмасин
Аёллар ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйишни уддалайдилар. Дўстликда ҳам чегара сақлаб, мувозанатдан ошиб ўтмасликка ҳаракат қиладилар. Айтишингиз мумкин: “Кўп ҳолларда аёллар дугоналари билан боғлиқ хиёнатларга, яъни ёқтирган йигитига дугонаси турмушга чиқиши ёхуд эрини дугонаси йўлдан уриб, оиласини бузишилиш ҳолатлари учрайди. Бу қандай дўстлик бўлди?” Қайсидир маънода мулоҳазали саволингиз ҳақ. Фақат ёндашувга аҳамият беринг: меъёр! Меъёрга риоя қилинмаган, ўлчовлар нисбати номутаносиб бўлган жойда муносабатлар ҳам хунук интиҳо топади. Дугонангиз билан дўстлик муносабатларида ҳам худди шундай. У сизни жон қулоғи билан эшитади, сизни қадрлайди, яхши кўради, лекин у ҳам —инсон! Инсон — хатокор. Шунинг учун эҳтиёткор бўлиш жоиз. Ахир, айтишади-ку, “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма!” деб. Агар сиз тўкис бахтли оила соҳибаси бўлсангиз, имкон қадар ўз доирангиздаги аёллар, яъни оилали, бахтиёр аёллар билан дугона бўлганингиз маъқул. Ҳар қандай ҳолатда ҳам дугоналарингиз билан оилавий муаммоларни муҳокама қилмаган маъқул. Яна бир жиҳати — дўстона муносабатларга эркакларни аралаштирмаган, яъни, дугонангизни ҳадеб уйга таклиф қилмаган (айниқса, уйда эрингиз бор пайтларда!), эркак-аёл бир даврада аралашиб ўтирмаган маъқул. Ахир эрингиз сизни дўстлари даврасига тортмайди-ку? Бу қанчалик ўзбекона одоб-ахлоқ тамойилларига мос келмаса, аёлнинг ҳам дугоналари эри билан аралаш-қуралаш ёйилиб ўтириши қарашларимизга тўғри келмайди.
Муносабатлар акси
“Аёллар дўстлиги вақтинча”, “Аёлдан ҳақиқий дўст чиқмайди”, “Аёл дўстлар хиёнати билан панд беради” деган гапларни шу ҳолатларни бошидан кечирган инсонлар айтади. Таъкидлаш жоизки, ришталар узилиши, муносабатларнинг қандай якун топишида икки томон ҳам бирдек сабабчи бўлади. “Қарс икки қўлдан чиқади”, албатта. Биз ҳаётимиз мобайнида атроф-жавонибга қарашимиз, инсон
ларга муносабатимиз аксини кўриб яшаймиз. Англадингиз — вафо кўриш учун вафодор бўлиш, ҳурматга сазовор бўлиш учун муносиб бўлиш, садоқатга лойиқ бўлиш учун самимий бўлишимиз керак. Шунда ҳар қандай муносабатда муносибимизни кўрамиз.
Умида АДИЗОВА

Комментариев нет:
Отправить комментарий
Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.